date
views 401

«ФСБ» Владивостокдаги АҚШ консуллиги собиқ ходимини қўлга олди

Фото: РИА Новости
Роберт Шонов журналистлар, бизнесменлар ва сиёсатчиларни ёллаш бўйича ишни амалга оширганликда гумон қилинмоқда. «ФСБ» Шоновнинг айбига иқрор бўлгани акс этган видеони эълон қилди.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати («ФСБ») 28 август, душанба куни АҚШнинг Владивостокдаги бош консуллиги собиқ ходими Роберт Шонов сафарбарлик, «махсус ҳарбий амалиёт» (МҲА) ҳақида маълумот тўплаш бўйича иш доирасида қўлга олинганини маълум қилди.

«ФСБ» маълумотларига кўра, Шонов «АҚШнинг Москвадаги элчихонаси сиёсий бўлими ходимлари Силин Жеффри ва Бернстайн Дэвид»нинг кўрсатмаси бўйича маълумот тўплаган. Махсус хизматнинг таъкидлашича, «кўрсатилган америкалик дипломатларни сўроқ қилиш режалаштирилган, бу билан боғлиқ ҳолда АҚШнинг Москвадаги элчихонасига тегишли чақирув қоғозлари юборилган».

«ФСБ» Шоновнинг айбига иқрор бўлгани акс этган видеони эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ элчихонаси биринчи котиби Дэвид Бернстайн маълумот тўплаш вазифаларидан ташқари, унга «журналистлар, бизнесменлар, сиёсатчилар орасидан Америка Қўшма Штатларига содиқ бўлган ва маълумот тўплаш учун фойдаланиши мумкин бўлган шахсларни қидиришни буюрган».

Уч йилдан саккиз йилгача қамоқ жазоси

Видеодан маълум бўлишича, Шонов бир неча ой олдин қўлга олинган — уни уйдан олиб чиқиб кетаётган кадрларда қор борлиги кўринади. Қўлга олинган шахсга Россия Жиноят кодексининг 275.1-моддасида («Чет давлат билан махфий ҳамкорлик») кўрсатилган жиноятда айблов қўйилган.

Россия Жиноят кодексининг 275.1-моддасида уч йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо, бир миллион рублгача жарима назарда тутилган. 

Маъно жиҳатдан давлатга хиёнат ҳақидаги моддага ўхшаш бу модда ўтган йили Россия Жиноят кодексига киритилган эди. 

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «ФСБ» Владивостокдаги АҚШ консуллиги собиқ ходимини қўлга олди