21:28 / 29.08.2023
878

Британ генерали Украинадаги урушни якунлаш бўйича уч сценарий ҳақида гапирди

Британ генерали Украинадаги урушни якунлаш бўйича уч сценарий ҳақида гапирди

Генерал Ричард Берронс 2013-2016 йилларда Буюк Британия қуролли кучларининг Бирлашган қўмондонлиги (ҳозир – Стратегик қўмондонлик) бошлиғи бўлган. У шунингдек, Афғонистон, Косово ва Ироқдаги тинчликпарвар миссияларда иштирок этган. BBC Украина хизмати мухбири Ирени Таранюкка берган интервюсида истеъфодаги зобит украин армияси ва унинг қарши ҳужуми борасидаги фикрларини билдирди.

Британиялик генералнинг фикрича, 2014 йилда РФ Қримга бостириб кирганида Украина шимолий қўшнисининг кенг кўламли тажовузининг олдини олиш учун етарлича қурол олмагани туфайли Ғарбнинг сиёсати муваффақиятсизликка учраган дейиш мумкин.

«Ғарб ҳарбий ёрдамни жуда кечикиб етказиб беришни бошлади», – деб ҳисоблайди Берронс.

Аммо, 2022 йил февралидан Ғарб Украина армияси учун ўз қурол ва ўқ-дори захираларини ишга солиб, қатъий ва тезкорлик билан ҳаракат қила бошлади.

Аммо ғарблик иттифоқчилар Украина қуролли кучларига ёрдамни «ўсиб борувчи шкала бўйича» кўрсатишга қарор қилди. Бу Ғарбдагиларнинг уруш ҳар қандай ҳолатда ҳам Украина ҳудудидан ташқарига чиқиб, Россия ва НАТО ўртасидаги қарама-қаршиликка айланишининг олдини олиш истаги билан боғлиқ.

«Ракета тизимлари ва қанотли ракеталарни етказиб беришни бошлашгача қанча вақт талаб этилгани ҳам шундан гувоҳлик беради, – дейди генерал. – Ва шунинг учун ҳозирги вазият юзага келди – Украина россияликларнинг кейинги оккупациясини тўхтатиш учун етарлича техника, ўқ-дорилар, тайёргарлик ва пулга эга бўлган ҳолатда. Бу [ёрдам кўрсатиш] ўзининг энг юқори нуқтасига етганга ўхшамоқда, Украина кучлари эса жанг майдонида кичик тактик ғалабаларни қўлга киритиш билан кифояланди».

Экспертнинг прогноз қилишича, Украина қуролли кучлари ҳозирги қарши ҳужумда ҳал қилувчи нуқтага етиб бўлган бўлиши мумкин.

«Аммо улар қиш киргунигача жанг майдонида катта муваффақиятларга эришган тақдирда ҳам, бу Россияни Украинадан ҳайдаб чиқариш учун етарли бўлмайди. Яъни, ҳозирги имкониятлар ютқазмаслик учун, вазият янада оғирлашмаслиги учун етарли – аммо ғалаба қозониш учун етарли эмас».

Берронснинг қайд этишича, ҳозирда ғарб ҳарбий ёрдамнинг учинчи босқичига етиб келди. Бу «танлаш босқичи»: Ғарб Украинага қанча керак бўлса, шунча ёрдам берадими – уни қурол-яроғ билан таъминлаш, ўқитиш ва пул беришда давом этадими – ёки йўқ?

«Менимча, бу камида икки йиллик масала – Украинага Россияни жанг майдонида мағлуб этиш ва ўзининг барча ҳудудларини озод этиш имкониятини тақдим этиш. Бу жуда катта масала ва унутмаслик керакки, Россия ҳам худди шу нарса ҳақида ўйлайди, фақат тескари йўналишда. Унга қайта қуролланиш ва янада кучлироқ зарба бериш мақсадида қайтиши учун танаффус бериб бўладими? Шундай экан, ҳозирда бу уруш жуда оғир босқичига етиб келди».

Украина қуролли кучларининг устунлик ва камчиликлари

Истеъфодаги генерал украин ҳарбийларининг топқирлигини эътироф этган, аммо уларга кўпроқ қурол кераклигини таъкидлаган. 

«Украина қуролли кучлари мудофаада шунчаки фантастик даража кўрсатди», – дейди генерал Берронс.

«Улар ҳатто Украинанинг ўзида ҳам кўпчиликни ҳайратда қолдирди. Аммо урушнинг биринчи босқичидаги муваффақиятлар, кўп жиҳатдан, сон жиҳатдан устун бўлган, аммо сифат етарли даражада бўлмаган Россия қуролли кучларининг тизимли муваффақиятсизлиги ва лаёқатсизлиги билан боғлиқ эди. Ҳозир эса биз бошқа босқичдамиз, энди Украина жанг майдонида ташаббусни қўлга олган босқичда».

Украина армияси қисман НАТО техникалари ва ғарб мамлакатлардаги тайёргарлик эвазига олдинга силжимоқда. Аммо ярим йил олдин ҳам бу украин аскарлари ҳали профессионал ҳарбийлар эмасди.

«Энди эса улардан энг оғир иш – душманнинг яхши мустаҳкамланган, яхши тайёрланган ва ҳимояланган позицияларига ҳужум қилиш талаб этилмоқда. Ва улар буни биз баҳорда тасаввур қилган катта устунликка эга кучлар билан эмас, яхши тайёрланган, аммо дозаланган кучлар билан қилишмоқда».

Ричард Берронснинг ҳисоблашича, агар Украина қуролли кучларига «кўпроқ вақт, кўпроқ техника, кўпроқ маблағ ва ўқ-дорилар берилса», улар россияликларни жанг майдонида енгиши мумкин.

Британиялик зобит Украина қуролли кучларининг топқирлигини, хусусан, улар тижорат дронларини қандай қилиб жанговар заруратлар учун мослашгани, интернет ва сунъий интеллектдан қандай фойдаланишаётганини қайд этган.

Россия армиясининг устунлик ва камчиликлари

Генерал Бэрронс Россия ҳозир урушни тўхтатишга тайёр эмас, деб ҳисоблайди. Фотода – Россия армиясининг Бахмут шаҳрида йўқ қилинган техникаси

Ричард Берронс Россия ҳарбий қўмондонлари уруш бошидаги даҳшатли хатолардан хулоса чиқарганига амин.

«Улар жуда кўп ресурсларни сарфлади, кўплаб ёш аскарлари ҳаётини қурбон қилди, аммо ниманидир ўрганишди».

Буни, биринчидан, улар минг километрдан ортиқ масофага чўзилган фронтда намунали мудофаа чизиғини ташкил этишганида кўриш мумкин.

Бу чизиқ миналанган кенг майдонлар ва уч қаторли хандақлардан иборат, айрим участкаларда яхши мувофиқлаштирилган қарши ҳужумлар ташкил этилган. Шунингдек, Россия артиллериячилари энди олдинги каби очиқ майдонда туриб, Украина қуролли кучларининг узоқ масофага юқори аниқликдаги зарбалари учун стационар нишонга айланмасликни ўрганган. Кремл мудофаа саноатини ҳам сафарбар қилган.

«Шундай қилиб, Украина душмани сифатида Россия қаршисида дилемма пайдо бўлади: ёки тишни тишга босган ҳолда Украинанинг эгалланган ҳудудларининг имкон қадар кўпроқ қисмини ўзида сақлаб қолиш ва шу билан биргаликда бўлажак юриш учун кучларни тиклаш - бу жуда ёқимсиз, аммо энг эҳтимолли сценарий, – дейди Берронс. - Ёки Россияда жанг қилишни давом эттириш истаги тугайди».

«Менинг баҳоларимга кўра, Россия, яъни Россия раҳбарияти бу урушни тўхтатиш ҳақида ўйлаётгани ҳам йўқ. Нафақат Украина, балки уни қўллаётган Ғарб ҳам шундан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилишии керак».

Урушни якунлаш вариантлари

У урушни якунлаш бўйича уч вариантни кўрмоқда. Уларнинг барчаси украин халқининг курашни давом эттиришга қодирлиги ва хоҳишига боғлиқ

Генерал Берронсга кўра, Россия-Украина урушини якунлашнинг учта муқобил варианти мавжуд. У қайси йўлдан боришни украин халқи ҳал этишини таъкидлаган.

Биринчи вариант – Украина курашни давом эттиришни тўхтатиши. Бунинг сабаби россияликларни оккупация қилинган барча ҳудудлар ҳайдаб чиқариш имконсизлиги ёки бу жуда кўп  куч, қон ва маблағ талаб этиши бўлади.

«Менинг фикримча, бу шунчаки даҳшатли қарор бўлган бўларди ва мен Украина бунга боришига ишонмайман».

Бошқа йўли – бу ҳарбий ҳаракатларни ҳозир тўхтатиш. Тинчлик сулҳи эмас, вақтинча ўт очишни тўхтатиш ҳақида эълон қилиб, ҳарбий йўл билан жанг майдонида ҳал қилувчи ғалабага эришишнинг имкони йўқлигини тан олиш.

«Яъни бу мағлубият ёки йўқотишни тан олиш эмас, балки статуса-квони қабул қилиш ва қуролли можарони тўхтатишдир. Афсуски, икки томон ҳам танаффусдан кучларни тўплаш ва қайта қуролланиш учун фойдаланади, уруш эса келгусида янада кўп ўлим ва вайронгарчиликлар билан қайтадан бошланади, бу вақтда эса қолганлар ноаниқлик шароитида яшайди».

Учинчи йўл қатор қадамлардан иборат бўлиб, улардан асосийси – Украинадан аниқ графикка риоя этишни талаб қилишни бас қилишдир. Яъни ғарб ёрдамини тўхтатиш билан таҳдид қилиб, жанг майдонида тезкор натижаларга эришишни талаб қилмаслик.

«Кучлар етарли бўлмаганида, ғалаба қозонишга уриниш қимматга тушади, Украина Россиянинг кучли мудофаасини штурм қилишга уриниб, ўз кучларини ҳолдан тойдиради ва қўлга киритганини ҳам йўқотиши мумкин», – дейди Берронс.

Агар бундай босим олиб ташланса, «тўхташ ва ўйлаб олиш» мумкин бўлади. Украина қуролли кучлари вазифаларни бажариш учун етарли вақтга эга бўлганида, фронт чизиғида россияликларга мунтазам равишда босим қилиши, қиш мобайнида ҳам уларнинг кучларини аста-секинлик билан ҳолдан тойдиришда давом этиши керак.

Шу билан бир вақтда кейинги йил ёки ундан кейинги йил жанг майдонида ишончли ғалабага эришиши учун Украинанинг ҳарбий қудрати ғарб ёрдамида ривожлантириб борилиши зарур бўлади.

Генерал Ричард Бэрронс қирол Чарлз III (ўша вақтда – валиаҳд шаҳзода)дан рицарлик орденини олмоқда, 2013 йил октябр

«Чунки агар кучингизни ошириб, бу борада рақибдан устун бўлсангиз, ғалаба тезроқ бўлади, йўқотишлар эса – камроқ».

«Шу билан бир вақтда, Россиянинг қатъияти ва жанговар салоҳияти Қора денгиз флотига ҳужумлар, Россия жамоатчилиги фикрига таъси қилиш орқали янада заифлаштирилиши керак – шунинг учун бундан кейин ҳам Москвага дронлар орқали ҳужумлар қилиш ҳарбий бўлмаса ҳам, катта рамзий аҳамиятга эга бўлади», – дейди Берронс.

Бу сценарийнинг ўзига хослиги шундаки, у украин халқидан узоқ ва оғир давом этувчи урушга тайёр бўлишни талаб қилади.

Ва бунинг учун Ғарбнинг барқарор қўллаб-қувватлови ҳам керак.

Генерал Берронс бу йилига тахминан 100 млрд долларга айланишини айтади – «Ғарб иқтисодиёти учун мутлақо имкон доирасидаги сумма».

Берронс уруш яқин вақтлар ичида якунланмаслигини прогноз қилган. У бунинг учун ҳеч қандай шароит кўрмаяпти.

«Ҳозир тушунарли бўлган ягона нарса шундаки – бу уруш ҳали тугамайди. Икки томон ҳам жангни давом эттиришга аҳд қилган, Ғарб эса Украинани қанча керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлаш мажбуриятини олган».

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Британ генерали Украинадаги урушни якунлаш бўйича уч сценарий ҳақида гапирди