
Украина ўзи ишлаб чиқарган узоқ масофали қуроллардан муваффақиятли фойдаланди. Хусусан, украиналик ҳарбийлар 700 километр масофадаги нишонга зарба беришга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский маълум қилди.
Зеленский хавфсизлик кучлари, ҳарбийлар ва расмийлар иштирокидаги кундалик йиғилишда бу ҳақда гапирган. У Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залуженийнинг жанг майдонидаги вазият, украиналик ҳарбийларнинг мудофаа ва ҳужумкор ҳаракатлари ҳақидаги ҳисоботини тинглаган.
Бундан ташқари, Стратегик саноат вазирлиги вакиллари Зеленскийга маҳаллий ишлаб чиқилган қурол ҳақида маълумот берган. Президентнинг сўзларига кўра, украиналик ҳарбийлар 700 километр масофадаги нишонга зарба бериб, Украинанинг узоқ масофали қуролларидан фойдаланишга муваффақ бўлди.