11:11 / 02.09.2023
314

АҚШ: Украина жанубий йўналишда сезиларли силжишга эришди

Фото: Gian Marco Benedetto/AA/picture alliance
Ғарб махсус хизматлари сўнгги кунларда Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужуми муваффақияти фонида «эҳтиёткор оптимизмга» эга, деб ёзади ОАВ.

АҚШ маъмурияти сўнгги уч кун ичида Украинанинг қарши ҳужумида «сезиларли силжиш»ни қайд этди, деди 1 сентябр, жума куни Оқ уйнинг Миллий хавфсизлик кенгаши (МХК) стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби. «Ўтган 72 соат ичида биз Украина Қуролли кучлари жанубий йўналишда, Запорижжя вилоятида ҳужум уюштирган ҳолда сезиларли ютуқларга эришганини кўрдик. Улар ҳозир Россия мудофаасининг иккинчи чизиғига қарши маълум ютуқларга эга», - деди Кирби. Унинг сўзларига кўра, энди Украина ўз муваффақиятини қандай мустаҳкамлашни ҳал қилиши керак.

«Бу улар жанубга қараб ҳаракатланаётганда қийин жанглар кутаётганини англамаяпти, дегани эмас», деди Кирби Россиянинг Украина кучларига қарши ҳужум уюштиришга уринишини эҳтимолий таҳдидлардан бири сифатида тилга олиб.

WSJ: Украина муваффақиятлари ғарб махсус хизматларига «эҳтиёткор оптимизм» беряпти
 
Август ойида The New York Times (NYT)нинг юқори мартабали суҳбатдошлари қарши ҳужум асосий мақсадини Россия ва эгаллаб олинган Қрим ўртасидаги кучларни бўлиб ташлаш учун қуруқликдаги кўприкни йўқ қилиш деб атаганди. NYT хабарига кўра, америкалик стратеглар Украина қўмондонлигига диққатни жанубий йўналишга қаратишни ва ресурсларни ортиқча бўлиб юбормасликни таклиф этган.

Август ойи охирида маълум бўлишича, Украина Қуролли кучлари Россия қўшинлари томонидан қурилган, «Суровикин чизиғи» (Украинадаги Россия гуруҳи собиқ қўмондони Сергей Суровикин номи билан аталган) истеҳкомларини бузиб ўтишга муваффақ бўлган.

Россиянинг жанубий йўналишдаги мустаҳкамланган мудофаа чизиғини енгиб ўтгач, ғарб махсус хизматлари Украина Қуролли кучларининг янада силжиши бўйича эҳтиёткор оптимизмни бошдан кечира бошлади, деб ёзади кеча The Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб.

Бир кун аввал НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужум пайтида муваффақиятга эришгани ҳақида гапирганди. «Украиналиклар аста-секин позицияларни эгалламоқда, улар россияликларни ортга суриб, миналанган майдонларга қарамай, яхши мустаҳкамланган ҳудудларнинг бир қисмини ёриб ўтиши мумкин», деди Столтенберг Американинг CNN телеканалига берган интервьюсида. НАТО бош котиби сўзларига кўра, украиналиклар шиддатли жанглар давомида «ютуққа эришмоқда, улар жадаллик касб этмоқда».

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ: Украина жанубий йўналишда сезиларли силжишга эришди