
Арманистон бош вазири Никол Пашинян Россияни Қорабоғ аҳолиси хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаётганликда айблади. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
Арманистон, Озарбайжон ва Россия ўртасида 2020 йилда ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан кейин тузилган келишувларга кўра, россиялик тинчликпарвар кучлар Лочин йўлагини назорат қилиши керак. Аммо Пашинянга кўра, бу амалга ошмаяпти.
Пашиняннинг сўзларига кўра, Россия Ғарб давлатларини Арманистон ҳукуматини ҳудуддан “Россияни сиқиб чиқаришга қаратилган чора-тадбирларни кўришга” ундаётганликда айблайди, лекин аслида “Россиянинг ўзи ҳудудни тарк этмоқда”.
Арманистон бош вазири, “бир кун келиб уйғонганимизда, Россия бу ерда йўқлигини кўрамиз”, деган фикрни илгари сурди. Шунингдек, у мамлакатнинг хавфсизлик соҳасида Россияга қарамлигини стратегик хато деб атади.