
Германияда иш ҳафтасини маош сақланган ҳолда 4 кунгача қисқартириш тажрибадан ўтказилади. Тажрибани Intraprenör консалтинг компанияси ва Мюнстер универститети олимлари баҳолайди.
Тадқиқотда 50 дан ортиқ компания иштирок этиши кутилмоқда. Ташкилотларга 1 сентябрдан қатнашиш бўйича ариза бериш имконияти яратилган. 2024 йил 1 февралидан бошлаб қатнашчи компаниялар ярим йилга 4 кунлик иш ҳафтасига ўтади. Ишчиларнинг маоши эса қисқармайди, сақланиб қолади.
Intraprenör компанияларга мақбул иш вақтини танлашда ёрдам беради. Барча компаниялар ва ходимлар учун ягона иш модели кўзда тутилмаган.
Тадқиқотнинг илк натижалари 2024 йил май ойида маълум бўлади. Якуний хулосалар эса октабр ойида эълон қилинади. Ушбу лойиҳа иштирокчи компаниялар томонидан молиялаштирилади.
Тажрибанинг асосий мақсади ҳафтасига беш эмас, тўрт кун ишлаётган ходимлар чиндан ҳам ўз ҳаётидан кўпроқ қониқиши, ўзини соғлом ҳис қилиши, шифокорларга камроқ ташриф буюриши ҳамда иш унумдорлиги ўзгармаслигини аниқлашдан иборат.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!