Шимолий Корея ўзининг илк «тактик ядровий ҳужумкор сувости кемаси»ни сувга туширганини эълон қилди, деб хабар берди 8 сентябр, жума куни Reuters агентлиги ушбу давлат ОАВга таяниб.
«Қаҳрамон Ким Гун Ок» сувости кемаси Корея яримороли ва Япония ўртасидаги сувларда патруллик қилувчи флотга топширилди. Сувости кемасини сувга тушириш маросимида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин уни Шимолий Кореянинг асосий «денгиз кучлари сувости ҳужум қуролларидан бири» деб атади.
Мамлакат ҳарбий-денгиз флотини ядро қуроли билан қуроллантириш долзарб вазифадир, дея давом этди Ким Чен Ин. У тактик ядро қуроллари билан жиҳозланган сувости кемалари ва ерусти кемалари сонини кўпайтиришга ваъда берди, деб ёзади Reuters.
Таҳлилчилар сувости кемасининг имкониятларига шубҳа билан қараяпти
Reuters агентлиги билан суҳбатлашган таҳлилчилар фикрича, сувости кемаси Совет Иттифоқининг 633-лойиҳадаги сувости кемасининг модификацияси бўлиб (НАТО ҳисоботидаги номи - «Ромео»), уни КХДР 1970-йилларда Хитойдан сотиб олиб, ўзида ишлаб чиқаришни бошлаган. Суратларга қараганда, кема баллистик ва қанотли ракеталар билан қуролланган.
Янги сувости кемаси учун асос сифатида фойдаланилган эски сувости кемалари нисбатан шовқинли, секин ва чекланган масофага эга ва шунинг учун урушда унчалик самарали эмас, дейди АҚШ ҳукуматининг қуроллар бўйича собиқ эксперти Ванн Ван Дипен. «Бу нарса жангда қўлланганда, у иттифоқдош сувости кемаларига қараганда жуда заиф бўлади. Шунинг учун менимча, қандайдир жиддий ҳарбий нуқтайи назардан бу унчалик муҳим аҳамиятга эга эмас», деди у.
Жанубий Корея ҳарбийлари, шунингдек, сувости кемаси нормал ишлашга тайёр эмаслиги ва Шимолий Корея ўз имкониятларини бўрттириб кўрсатишга уринаётгани аломатлари борлигини айтди, деб ёзади Reuters. Бироқ Корея мудофаа таҳлиллари институти (KIDA) илмий ходими Син Син Ки Reuters агентлиги билан суҳбатда огоҳлантиришича, Жанубий Корея ва Қўшма Штатлар бундай сувости кемаларини аниқлаш ва йўқ қилишга кафолат бера олмайди. «Шимолий Корея ўз ҳарбий-денгиз кучларининг оператив имкониятларини ўтмишдагига нисбатан сезиларли даражада кенгайтиргани ва мустаҳкамлагани аниқ», — деди у.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг