Европа Иттифоқи Марокашга кучли зилзила оқибатларини бартараф этишда ёрдам таклиф қилди. 9 сентябр, шанба куни эрталаб Европа кенгаши раиси Шарл Мишел X ижтимоий тармоғида: «Европа Иттифоқи Марокашни ушбу оғир дамда қўллаб-қувватлашга тайёр», деб ёзди ва унинг фикри барча жабрланганлар, шунингдек, фожиа жойида ишлаётган қутқарувчилар билан бирга эканлигини қўшимча қилди.
Бу вақтга келиб Марокашдаги зилзила қурбонлари сони 632 кишига етди, дея хабар бермоқда Reuters Марокаш ички ишлар вазирининг миллий телевидениедаги чиқишига таяниб. Табиий офат оқибатида жароҳатланганлар сони 329 нафарни ташкил қилди. Марокаш Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирда 51 кишининг аҳволи ўта оғир ҳолатда.
7,2 магнитудали зилзила
Марокаш Миллий геофизика институти маълум қилишича, бир кун аввал маҳаллий вақт билан соат 23:00 лар атрофида (Тошкент вақти билан 9 сентябр 03:00) 7,2 магнитудали зилзила содир бўлган. Зилзила эпицентри Марракеш-Сафи минтақасида, дея таъкидлади геофизиклар. АҚШ Геологик хизмати маълумотларига кўра, зилзила ўчоғи 18,5 километр чуқурликда бўлган, магнитудаси эса 6,8 баллни ташкил қилган.
Ер силкинишлари бир қанча ҳудудларда сезилди. Гувоҳларнинг хабар беришича, Марракешдаги турли бинолар қулаган.
Зилзила мамлакат тарихида сўнгги 100 йилдаги энг кучлиси бўлди
Марокаш Миллий геофизика институти раҳбари Носир Жабур маҳаллий MNA агентлигига берган интервьюсида зилзила эпицентри Марракешдан 80 километр жануби-ғарбда жойлашган Ал-Ҳауз ҳудудида бўлганини ва ер силкинишлари 400 километр радиусда сезилганини айтди.
«Зилзила мамлакат тарихида сўнгги 100 йилдаги энг кучлиси бўлди», — деди Жабур.
Унинг сўзларига кўра, кучли силкинишдан кейин юзлаб ерости силкинишлари содир бўлган, улардан энг кучлиси 6 магнитудани ташкил қилган. Аксарият афтершоклар сезилмаган, дейди у.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!