Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Россия президенти Владимир Путин билан Амур вилоятидаги “Восточний” космодромида учрашди.
КХДР етакчиси 12 сентябрь куни зирҳли поездда Россиянинг “Хасан” станциясига етиб келганди, бугун эса унинг поезди “Восточний” космодроми темирйўл вокзалига келди.
Шимолий Корея марказий телеграф агентлиги хабарига кўра, Ким Чен Ин Россияга ташрифи “стратегик” аҳамиятга эга эканини айтган.
Агентлик Ким Чен Иннинг Россияга ташрифидан мақсадни “Шимолий Корея ва Россия ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини янги чўққиларга кўтариш” деб атади.
Ким ва Путиннинг музокара мавзуларидан бири — КХДРдан Россияга қурол етказиб бериш бўлиши мумкин. Ғарб разведка хизматларига кўра, Россия ва Шимолий Корея Россия армияси Украинадаги урушда қўллаши мумкин бўлган қурол-яроғларни етказиб бериш бўйича фаол музокаралар олиб бормоқда. Июль ойида Шойгу КХДРга расмий ташриф билан борди. АҚШ разведкаси ушбу сафарни музокараларга тайёргарлик сифатида баҳолади.
Қўшма Штатлар Шимолий Корея Россияга қурол етказиб беришга рози бўлса, янги санкциялар қўллашга тайёрлигини аллақачон маълум қилган. Хабарларга кўра, Шимолий Корея қурол эвазига Россиядан озиқ-овқат ва энергия ресурсларини олишга умид қилмоқда.
Ким Чен Ин Россияга аввал ҳам – 2019 йилда ташриф буюрган. Ўшанда у Владивостокдаги форумда қатнашган.
Ким Чен Ин, Путин, Восточний, Учрашув “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг