Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилояти, Чўлпон-Ота шаҳрида 14-16 сентябр кунлари «Туркий давлатлар тарихи» конгресси бўлиб ўтади.
Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) Туркий Академияси маълумотларига кўра, конгресс Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги кўмагида ташкил этилган.
Конгрессда ТДТ институтлари расмийлари ва вакиллари, аъзо давлатлар вакиллари ва дипломатлар иштирок этади.
Тадбирдан кўзланган мақсад туркий давлатлар тарихи бўйича тадқиқотларни фаоллаштириш ва чуқурлаштириш, бу борадаги илмий ҳамкорликни рағбатлантиришдан иборат. Конгресс Туркия Республикасининг 100 йиллигига бағишланади.
Конгресс сессияларида Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон, Мўғулистон, Россия, Болгария, Украина ва бошқа мамлакатлардан 50 дан ортиқ турколог олимлар иштирок этади.
Машғулотларда қадим замонлардан то ҳозирги кунгача бўлган тарихий воқеалар хронологик тартибда муҳокама қилинади, қабила иттифоқидан тортиб кўчманчи империяларгача бўлган туркий давлатларнинг сиёсий ва ҳарбий тарихига ойдинлик киритилади.
Конгресс якунида декларация қабул қилинади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!