22:44 / 18.09.2023
299

Украина Клешчиевкани ҳам озод этди. Бу Бахмут учун калитми?

Украина Клешчиевкани ҳам озод этди. Бу Бахмут учун калитми?

Фото: Андрий Ермак

Украина қуролли кучлари Бахмут жанубидаги Клешчиевка қишлоғини озод қилди. Бу маълумот Украина қуролли кучлари шарқий гуруҳи матбуот хизмати раҳбари, капитан Иля Евлаш томонидан тасдиқланган.

«Биз Клешчиевка аҳоли яшаш манзили озод этилганини тасдиқлаймиз. 80-алоҳида десант-штурм бригадаси, 5-алоҳида штурм бригадаси, шунингдек миллий полициянинг „Лют“ бирлашган штурм бригадаси бўлинмалари. Клешчиевка озод этилди, у Украинаники», — деган Евлаш.

Украина президенти Володимир Зеленский ўзининг кечки видеомурожаатида қишлоқ озод этилгани учун ҳарбийларга миннатдорчилик билдирган. Украина мудофаа вазирлиги спикери Анна Маляр бу амалиётда 95-десант-штурм бригадаси ҳам қатнашганини қўшимча қилган.

Бундан олдинроқ Клешчиевка озод этилгани ҳақида Украина президенти офиси раҳбари Андрий Ермак ҳам хабар берганди. У украин ҳарбийлари Клешчиевка марказидаги ибодатхона вайроналари фонида мамлакат байроғи ва ўз бригадалари байроқларини кўтариб тушган фотони эълон қилган. Кейинроқ шу ҳудудда олинган видео ҳам пайдо бўлди.

Фотосуратда 1841 йилда қурилган Покровский ибодатхонасини таниш мумкин — у мазкур қишлоқдаги энг қадимий бино эди.

Шу билан бирга, Украина ҚК бош штаби Клешчиевка озод этилгани тўғрисида расмий хабар бермаган, аммо сўнгги кунларда мазкур ҳудуддаги жиддий ютуқлар ҳақида хабарлар бериб келинаётганди.

Аввалроқ Украина бош штаби вакиллари BBC Украина хизматига берган изоҳида аҳоли яшаш манзиллари озод этилгани тўғрисидаги маълумот бу жой украин ҳарбийлари томонидан эгалланганидан бир неча кун ўтибгина эълон қилинишини айтишганди. Бу муддат Украина кучлари ҳудудда тозалаш ишлари ўтказиши, рақибни ҳайдаб чиқариши ва позицияларда мустаҳкам ўрнашиши учун зарур.

Россия мудофаа вазирлиги ўз ҳисоботларида Клешчиевкадаги вазиятни тилга олмаган.

Россиялик «ҳарбий корреспондентлар» эса Клешчиевканинг бир қисми ҳамон кулранг зона бўлиб тургани, Украина қуролли кучлари фақат марказни эгаллаганини айтишган.

«Соледар йўналишидаги Клешчиевка ва Андрийивка ҳудудида шиддатли тўқнашувлар давом этмоқда, — дея ёзган якшанба куни кечқурун Россия мудофаа вазирлигига алоқадор ҳисобланган Rybar телеграм-канали. — Айни вақтда томонларнинг ҳеч бири бутунлай вайрон бўлган аҳоли яшаш манзилларини назорат қилмаяпти».

Украина Бахмутдан жанубда, ушбу шаҳардаги рус қўшинлари таъминот линиясига яқин жойлашган яна бир аҳоли яшаш манзили бўлмиш Андрийивка озод этилгани ҳақида жума куни хабар берганди.

Клешчивка ва Андрийивка устидан назорат ўрнатилиши Украина қуролли кучларига Бахмутни қуршаб олишга қаратилган амалиётни давом эттириш имконин беради, бу қишлоқлар эгалланиши Бахмутга жанубдан келадиган таъминот йўллари узилишига олиб келади.

«Клешчиевка ва Андрийивка — тамом. Бу Бахмут қаноти эди», — дея ёзган Россиянинг «Тринадцатий» телеграм-канали.

Украин ҳарбийси Андрийивка харобаларида

18 сентябр куни Украина ҚК қуруқлик қўшинлари қўмондони, Украинанинг шарқий йўналишдаги гуруҳига бошчилик қилаётган генерал Олександр Сирский Бахмут атрофида РФ армиясининг нисбатан энг яхши тайёргарликка эга бўлган бўлинмаларидан бири яксон этилганини маълум қилди. 

Сирскийнинг сўзларига кўра, гап 72-алоҳида мотоўқчилар бригадаси, шунингдек, 31- ва 83-алоҳида десант-штурм бригадалари ҳақида бормоқда. Генерал Украина кучлари аввалроқ россияликларнинг захира кучлари олиб келинган Андрийивка ва Клешчиевка ҳудудида РФ армиясининг мудофаа чизиқларини ёриб ўтганини маълум қилган.

17 сентябр куни Росгвардиянинг аннексия қилинган «ДХР» бўйича ўринбосари Александр Ходаковский Андрийивка ҳудудида 31-десант-штурм бригадаси командири, «Дунай» лақабли полковник Андрей Кондрашкин ҳалок бўлгани ҳақида хабар берганди.

Клешчиевка ва Андрийивка нимаси билан муҳим?

25 июл куни Украина ҚК шарқий гуруҳи расмийси Сергей Череватий Андрийивка озод этилиши украин кучларининг тактик вазиятини яхшилаши ҳамда Бахмутни қуршаб олишга ёки у ердан Россия армиясини сиқиб чиқаришга имкон беришини айтганди.

«Андрийивка ёки Бахмут атрофидаги бошқа исталган аҳоли яшаш пунктининг эгалланиши Бахмутни қуршаб олиш ёки душманни чекинтириш амалиётини якунлашга имкон беради», — деганди Череватий.

Андрийивка, Клешчиевка ва Курдюмовка (Андрийивкадан жануброқдаги яна бир аҳоли яшаш манзили) Бахмутни ўраб олиш учун муҳим аҳамиятга эга экани айтилади.

Аммо, OSINT-лойиҳаси украин ҳарбийлари Бахмутга жанубдан келувчи йўлни муваффақият билан кесиб қўйган тақдирда ҳам (Андрийивка ва Клешчиевка ҳудудида), шаҳарга шимолдан таъминот етказиш давом этиши мумкинлигини қайд этишганди. «ОАВ „Бахмут қуршалиши“ ҳақида сарлавҳалар ёзмоқда. Аммо бунга ҳали узоқ», — дея ёзганди муаллифлар.

Шу йил июлида Украина ҚК шарқий гуруҳи қўмондони Олександр Сирский Украина томонининг бу йўналишдаги стратегик мақсади — Бахмутни қуршаб олиш эканини айтганди. У Украина қўшини бу вазифани уддалай олишини билдирганди.

Украина Бахмутни 2023 йил май ойида, ярим йил давом этган қонли жанглардан кейин бой берганди.

Таҳлил: Клешчиевка «Бахмут калити» сифатида

BBC Украина хизмати мухбири Олег Черниш:

Украиналик ҳарбийлар Бахмутдан жанубдаги Клешчиевка қишлоғи озод этилганини хабар қилмоқда. Шу кунларда бундай хабарлар шу ҳудудда жанг қилаётган бўлинмаларга таянилган ҳолда ижтимоий тармоқларда пайдо бўла бошлаганди.

Клешчиевка — бир вақтлар Бахмутнинг шинамгина чекка қисми бўлган, урушга қадар бу ерда ярим минг атрофида одам яшаган — қарийб бир йил олдин ҳарбий ҳаракатлар марказида қолганди.

Россия кучлари, асосан «Вагнер» ХҲК отрядлари 2022 йил ноябрида ушбу аҳоли яшаш манзили йўналишида фаол штурм ҳаракатларини бошлаган, 2023 йил январида эса уни эгаллаб олганди. Россияликлар янада олдинга юриш ва Бахмутдаги украин гарнизонининг сўнгги логистик артерияси — шаҳарни Константиновка билан боғловчи «ҳаёт трассаси»ни ҳам назорат остига олишни режалаштирганди.

Аммо бунинг акси бўлди. Май ойидан украин ҳарбийлари Бахмут қанотларида, биринчи навбатда Клешчиевка йўналишида қарши ҳужумга ўтди. Ўша вақтда қишлоқ РФ қўшинларининг кучли истеҳкомига айлантирилганди.

Украина қуролли кучлари тезда мақсадга етганида Бахмутдаги Россия гарнизони «сичқон тузоғи»да қолган бўларди. «Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожин ўшанда мунтазам равишда Россия қўшинларини ёлланма жангчилар ярим йил мобайнида кўп қон тўкиб эгаллаган позицияларни осонлик билан ташлаб кетаётганликда айблаганди.

Россия кучлари яна қарийб тўрт ой Клешчиевкани ушлаб турди. Украин ҳарбийлари, биринчи навбатда 3-штурм бригадаси жангчилари аста-секинлик билан шимол ва жанубдан қишлоққа яқинлашиб келиб, рақиб кучларини тобора шарққа сурилишга мажбур қилди.

Сентябр ойи ўрталарига келиб Клешчиевка мудофааси қулади: РФ қўшини бутунлай чекинди.

Бу қишлоқ нимаси билан муҳим? Клешчиевканинг чеккаларида баланд тепаликлар мавжуд бўлиб, улар амалда нафақат пастроқда жойлашган Бахмутнинг ўзини, балки тўрт километр шарқдан ўтувчи ва оккупация остидаги Ҳорливкага олиб борувчи автойўлни ҳам назорат қилишга имкон беради. Бу Россия гарнизони таъминотидаги муҳим йўл ҳисобланади.

Агар бу йўл тўсиб қўйилса, Бахмутга фақат шарқдаги Попаснаядан келадиган йўл орқали таъминот етказиш мумкин бўлади, шимоли-шарқдаги Лисичанск билан боғловчи йўл ҳам бор, аммо Украина қуролли кучлари бу трассага шимолдан яқинлашиб келмоқда ва бу йўлдан таъминот олиб ўтиш хавфли бўлиб бормоқда.

Бундан ташқари, Клешчиевка атрофидан Ҳорливка ва янада жанубга — Донецкка олиб борувчи темирйўл тармоғи ўтган. Ҳозирда ўз позицияларини бой берган россияликлар айнан шу темирйўл ортига ўтиб чекинишган.

Улар бу чизиқни ушлаб қола оладими? Бунга ишонч юқори эмас.

Россиялик ҳарбий мухбирлар ва ҳарбийлашган телеграм-каналлар РФ армияси узоқ вақт давомида ушлаб турган Клешчиевка бой берилганини тан олишмоқда. Аммо улар украин ҳарбийларига янада шарққа юриш учун куч етмаслигидан умид қилишмоқда.

Бу ҳақиқатан ҳам шундайми ёки йўқ — буни яқин ҳафталарда рўй берадиган воқеалар кўрсатади. Украин ҳарбийлари муваффақиятни мустаҳкамлаш учун Клешчиевка ва Андирийивкани эгаллаш билан тўхтамаслиги ва Бахмутни тўлиқ қуршаб олиш учун шарққа ҳаракатланишда давом этиши керак бўлади.

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина Клешчиевкани ҳам озод этди. Бу Бахмут учун калитми?