Фото: Facebook / GeneralStaff.ua

Украина Қуролли кучлари Работино ҳудудида Россиянинг асосий мудофаа чизиғини ёриб ўтди. Айни пайтда у ерда шиддатли жанглар кетмоқда. Бу ҳақда Wall Street Journal хабар берди.

Нашр муаллифларига кўра, Украина зирҳли техникаси қарши ҳужум пайтида биринчи марта Работино яқинида жойлашган Вербовое қишлоғи яқинидаги Россия армиясининг асосий мудофаа чизиғини ёриб ўта олган. Фронтдаги вазият ҳақидаги тегишли маълумотлар ҳудуддаги украиналик ҳарбийлар билан ўтказилган интервьюларга асосланади.

Украина армияси танкга қарши тўсиқларни енгиб ўтишга муваффақ бўлган, бу уларга зирҳли техникаларни Россиянинг мудофаа позициялари орқали олиб ўтиш имконини берган. Маълумотни украиналик ҳарбийлардан бири тасдиқлаган.

Ютуқ кичик ва бу ҳудуд учун шиддатли жанглар кечмоқда. Руслар артиллерия билан ҳудудни текислаб, қарши ҳужумга ўтмоқда. Украиналиклар катта йўқотишларга дучор бўлмоқда”, — дейди WSJ мухбири.

Бироқ, украиналик офицерлар фикрича, агар Украина армияси ушбу ҳудуддаги муваффақиятларини мустаҳкамласа, улар кўплаб оғир техникаларини мудофаа чизиғи орқали камроқ ҳимояланган ҳудудларга олиб ўтиши мумкин.

Украинанинг бу участкадаги асосий мақсади Азов денгизига етиб бориш ёки Қрим йўлакларида ўт очишни назоратга олиш орқали Днепрнинг чап қирғоғидаги рус гуруҳини йўқ қилишга уринишдир.

Биз ёриб ўтамиз, уларни йўқ қиламиз. Аммо бунинг нархи...”, — дейди аноним украиналик ҳарбий.

Америка урушни ўрганиш инситути (ISW) таҳлилчиларига кўра, Украина кучлари ўз техникасини олдинга силжитиш учун ҳудудда Россия артиллерияси ва бошқа танкка қарши тизимларини йўқ қилган бўлиши мумкин.