Ливия бош прокурори 25 сентябр куни 8 нафар амалдорни ҳибсга олишни буюрди. Улар Дерна шаҳрини сув остида қолдирган ва минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган иккита тўғон қулаши бўйича очилган жиноят иши тергови доирасида ушланди.
Ҳибсга олинганлар орасида Дерна мэри Абдулмунайм ал-Ҳаитий, шунингдек, Сув хўжалиги бошқармаси ва Тўғон бошқармаси ходимлари бор. Улар хизмат вазифасига бепарволик ва иш жараёнида хатоликка йўл қўйганликда айбланмоқда.
Ливиянинг шимоли-шарқида кучли ёмғирлар оқибатида Дерна шаҳри яқинидаги 2 та тўғон вайрон бўлган ва даҳшатли сув тошқинини келтириб чиқарган эди. Оқибатда, шаҳарнинг катта қисми зарар кўрди, минглаб одамлар сувга ғарқ бўлди ва денгизга оқиб кетди.
Қайд қилинишича, тўғонлар 1970-йилларда собиқ Югославия компанияси томонидан шаҳарни иккига бўлиб турган дарё водийси устида қурилган. 2007 йилда турк фирмаси иккита тўғонга техник хизмат кўрсатиш бўйича шартнома имзолаган.
Давлат аудит агентлигининг 2021 йилги ҳисоботида айтилишича, 2012 ва 2013 йилларда тўғонларнинг ҳолатини яхшилаш учун 2 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратилган бўлса-да, ишлар бажарилмаган. Мутахассислар тўғонни таъмирлаш зарурати ҳақида бир неча бор, шу жумладан ўтган йили ҳам огоҳлантирган эди.
15 сентябр куни берилган маълумотларга кўра, сув тошқини қурбонлари сони 11 минг кишидан ошган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!