Малида Россиянинг Илюшин Ил-76 самолёти қўниш вақтида портлаб кетди. Манбаларга кўра, бортда “Вагнер”нинг ёлланма аскарлари бўлган. Бу ҳақда The Telegraph хабар берди.
Самолёт Малининг Гао халқаро аэропортига қўнгандан сўнг дарҳол портлаган. Воқеа жойидан олинган суратларда самолёт ёнғин оқибатида деярли бутунлай вайрон бўлганини кўриш мумкин.
Мали ҳарбий хунтаси воқеа юзасидан изоҳ бермади. Манбаларнинг европалик журналистларга айтишича, воқеанинг ўзи 23-сентябр куни содир бўлган ва “кўп сонли оқ танлилар” ўлимига сабаб бўлган. Гап россиялик ёлланма аскарлар ҳақида кетмоқда.
Малида ҳокимиятни қўлга олган ҳарбийлар Украинадаги жанговар ҳаракатларда қатнашган Россиянинг машҳур “Вагнер” кампанияси билан ҳамкорликни расман рад этади. Мали хунтасининг таъкидлашича, улар фақат мансабдор рус зобитлари билан ишлайди, улар инструктор сифатида мамлакат армиясига терроризмга қарши курашда ёрдам беради.
Қандай бўлмасин, Россиянинг аралашуви Малини радикаллар таҳдидидан халос эта олмади: жорий йилда мамлакатда терактлар сони 15 фоизга ошди, биргина ўтган ойнинг ўзида ҳужумларда 150 дан ортиқ одам ҳалок бўлди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!