«C5 + Германия» мулоқоти ташаббуси мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликка кучли туртки бериши мумкин. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Германия президенти билан учрашувида айтиб ўтди, дея хабар бермоқда Қозоғистон раҳбари матбуот хизмати.
Тўқаев ҳамкорликнинг устувор йўналишларини тақдим этди, уларга минтақа раҳбарларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари йўналтирилиши мумкин. У биринчи навбатда савдо-иқтисодий ҳамкорлик, янги транзит ва транспорт йўлакларини ривожлантириш, энергетика соҳасидаги масалаларга эътибор қаратди.
Учрашувда иқлим ўзгариши ва сув муаммоларига катта эътибор қаратилди. Иштирокчилар музликларнинг эриши ва Марказий Осиёдаги экологик вазиятнинг ўзгариши билан боғлиқ кун тартибини муҳокама қилди. Қозоғистон президенти сўзларига кўра, Германиянинг ушбу муаммоларни ҳал қилиш тажрибаси минтақа учун жуда муҳим.
Тўқаев Марказий Осиё минтақаси ва Европа Иттифоқи атрофидаги геосиёсий вазият билан боғлиқ масалаларга ҳам тўхталди. Афғонистондаги ҳозирги ҳолат кўриб чиқилди.
Айни пайтда, Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер ўз нутқида Украина атрофидаги инқироз Европа хавфсизлиги билан бир қаторда Марказий Осиё мамлакатлари хавфсизлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатаётгани ҳақида фикр билдирди.
Бунга жавобан Тўқаев ўзаро мақбул тинч ечимларни топишга қаратилган дипломатия зарурлигини яна бир бор таъкидлади. Унинг билдиришича, томонлар ҳақиқий музокараларни бошлаши керак.
Қозоғистон президенти Марказий Осиё давлатлари ва Германия ўртасидаги маданий-ҳуманитар алоқаларни кенгайтириш тарафдори эканлигини билдирди.
Хусусан, немис тилини ўрганиш бўйича қўшма илмий-маърифий лойиҳа ва дастурларни амалга оширишни қўллаб-қувватлади.
Учрашувда Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам сўзга чиқди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!