
Туркия қуролли кучлари Ироқ шимолидаги Метина, Ҳакурк, Қандил ва Гара туманларида Туркия, Европа Иттифоқи ва АҚШ томонидан расман террорчи ташкилот деб тан олинган Курдистон ишчилар партияси (КИП) объектларига ҳаводан зарбалар берди. Бу ҳақда Туркия Мудофаа вазирлигининг 1 октябр, якшанба куни кечқурун эълон қилинган баёнотида айтилади. «КИП томонидан фойдаланилган ғорлар, бункерлар, бошпана ва омборлардан иборат жами 20 та объект йўқ қилинди», — дея таъкидлади Мудофаа вазирлиги.
Ҳужумлар давомида «кўп сонли террорчилар зарарсизлантирилди», дея таъкидлади маҳкама. Баёнотда айтилишича, амалиёт давомида тинч аҳоли, тарихий-маданий бойликлар ва атроф-муҳитга зарар етказмаслик учун барча эҳтиёт чоралари кўрилган. Туркия Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, Туркия Қуролли кучлари «мамлакат ва халқнинг омон қолиши ва хавфсизлиги учун» терроризмга қарши курашни давом эттиради.
Шу куни Ироқнинг Туркия ва Эрон билан чегарасига яқин жойлашган Сидакан шаҳри мэри AFP агентлигига Брадост ҳудуди ва Бадран қишлоғи бомбардимон қилинганини айтди. Курдларнинг Rudaw нашри Ироқ шимолидаги, КИПнинг Эрон билан чегараси яқинидаги таянчи ҳисобланган Қандил тоғларига ҳаво ҳужумлари берилганини тасдиқлади.
Туркия Ички ишлар вазирлиги биноси яқинида портлаш юз берди
1 октябр куни эрталаб Анқарадаги Туркия Ички ишлар вазирлиги биноси яқинида портлаш содир бўлди. Расмий маълумотларга кўра, мамлакат парламенти яқинида жойлашган маҳкама биносига уюштирилган ҳужумни икки киши автомобилда Ички ишлар вазирлиги қўриқлаш бош бошқармасининг кириш эшиги томон борган ҳолда амалга оширган. Улардан бири хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирилган, иккинчиси худкушлик ҳужумини амалга оширган.
Ҳодиса оқибатида икки нафар турк полициячиси енгил жароҳат олган. КИП ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди ва портлашни ўзига алоқадор «Ўлмас баталон» гуруҳи амалга оширганини билдирди.
Туркия армияси Ироқ шимолидаги КИП жангчилари ва уларнинг позицияларига мунтазам ҳужумлар уюштирмоқда, дея аниқлик киритди AFP. Курдистон ишчилар партияси 1984 йилдан бери Туркия давлатига қарши курашиб келади. Тўқнашувларда аллақачон ўн минглаб одамлар ҳалок бўлган.