07:23 / 03.10.2023
274

Токмак учун жанг. Украина бу йилги қарши ҳужумининг асосий мақсадига эриша оладими?

Фото: Getty Images
Украина раҳбариятидаги манбаларга кўра, Запорижжя областидаги Токмак шаҳри ҳозирда мамлакат қуролли кучлари юришидаги асосий мақсад ҳисобланади. Уни шу йил эгаллашга катта умид қилинмоқда.

«Токмак — минимум мақсад», — деди ўтган ой охирида CNN учун берган интервюсида украиналик генерал, «Таврия» оператив-стратегик қўшинлар гуруҳи қўмондони Олександр Тарнавский.

Унинг сўзларига кўра, максимум мақсад — Украинанинг 1991 йилги чегараларига чиқиш ҳисобланади.

Украиналик юқори мартабали ҳарбий мулозимлар қарши ҳужум бошланишидан олдинроқ 1991 йилги чегараларга қайтишни қарши ҳужумнинг асосий ва эришиш мумкин бўлган мақсади деб аташганди. Украина разведкаси раҳбари Кирилл Буданов украин ҳарбийлари ҳатто 2023 йил баҳоридаёқ Қримга кириши мумкинлигини прогноз қилганди.

Кейинчалик украинлар ўз юришидан кутилмаларини ўзгартиришга мажбур бўлишди. Жумладан, ёз-куз кампанияси якунигача Россия армиясининг қуруқлик йўлагини узиб қўйиш учун Азов денгизи соҳилларига етиб бориш яхши ютуқ бўлишини айтишди. Аммо кейинги ойларда бу кичикроқ мақсадга эришилиши ҳам даргумон.

Украина ҳукумати юриш амалиёти режалаштирилганидек тезкор суръатларда кетмаётганини тан олади.

Ва, афтидан, эндиликда Токмакнинг озод этилиши юришнинг биринчи босқичидаги мақсад деб ҳисобланмоқда.

Бу шаҳар озод этилиши юриш амалиёти учун қанчалик муҳим, уни қандай озод этиш мумкин ва нима учун бу «минимум вазифа»ни уддалаш ҳам жуда қийин бўлиши мумкин?

Осон бўлмаган вазифа

Август ойи охирида украинлар Запорижжя областининг Работине посёлкасини озод этганди ва 20 км масофадаги Токмак томон юриш бошлаганди

Украина қуролли кучлари ҳатто бу «минимум»га эришиш учун ҳам катта ишни бажариши керак. Ҳозирда украин жангчилари Токмакдан 16-18 км масофада, россияликларнинг «Суровикин линияси» деб аталувчи асосий мудофаа чизиғини кесиб ўтишмоқда.

Cоветлар ҳарбий терминологиясига кўра «предполе» (асосий мудофаа позициясидан олдинроқда мустаҳкамланган участка) деб аталган биринчи полосани украин армияси август ойи охирида Роботине ва Вербове қишлоқлари орасида ёриб ўтишга муваффақ бўлганди.

Шу билан бирга, Украина ҳарбийлари бир вақтнинг ўзида бир неча муаммони ҳал қилишига тўғри келади.

Биринчидан, улар россияликлар мудофаасини Новопрокопивка жануби-шарқида ва Вербоведан ғарбда ёриб ўтиб, Очеретовате йўналишида ҳаракатланишда давом этиши керак. Шунингдек, рақиб мудофаасига кириб бораётган «ханжар»ни кенгайтириш ва қанотлар хавфсизлигини таъминлаш ҳам муҳим.

BBC’нинг Украина ҳарбий раҳбариятидаги манбасига кўра, ҳозирда ушбу ёриб киришнинг олдинги қисмини кенгайтириш учун саъй-ҳаракат қилинмоқда. Ҳозирда ўзига хос бу «ханжар» эни энг кенг жойда тахминан 10 километрга етади, энг тор жойда эса 4-5 км.

Аслида, агар қанотлар хавфсиз қилинмаса, Россия қўшини куч тўплаб, украинларнинг олдинги қатордаги бўлинмаларини қуршаб олишга ҳаракат қилади. Россия десантчилари аллақачон бундай ҳаракатларни бошлаган, лекин ўтган ҳафталарда Копани ва Вербове қишлоқлари ҳудудларида бундай уринишлар муваффақиятсизликка учради.

Токмакка қадар сўнгги 15 км украин армиясининг бу йилдаги юришининг «энг оғир» қисми бўлиши мумкин, деб прогноз қилади нашр манбаси.

Савдо йўлларидаги қалъа шаҳар

Кейинги йилнинг 20 сентябрида Токмакка асос солинганининг 240 йиллиги нишонланади, лекин бу жой минг йиллик тарихга эга. Токмак ўлкаси узоқ вақт давомида Азовбўйидан шимолдаги даштликларда ҳукм сурган турли давлатчаларни ажратиб турадиган чегарада жойлашганди.

1103 йилда Киев Руси князи Володимир Мономах ва Святополк Изяславовичнинг половецларнинг кўп минг кишилик қўшинига қарши машҳур жанги айнан шу ерда бўлиб ўтганди. Половецлар қақшатқич мағлубиятга учратилади. Бу чегарадаги хавфни аритади ва ўша даврдаги қадимги рус давлатининг қудратини сезиларли даражада мустаҳкамлайди.

Кейин Тавр даштлари кўп вақт давомида Қрим хонлиги таркибида бўлади, ХVIII аср охирида эса Россия Империясига қўшиб олинади.

Тахминан шу вақтларда Молочная дарёси қуйи оқими ва унинг ирмоғи Токмачки бўйларига Полтавадан кўчиб келганлар Токмак шаҳрига асос солишади. Унинг номи, катта эҳтимол билан мўғул-татар тилларига мансуб. Тадқиқотчилар фикрича, бу сўз «янчилган», «жанг» ёки «жанглар жойи» маъносини билдиради, аммо, «тўйинган» маъносини ҳам бериши мумкин.

Нима бўлганда ҳам кейинги асрларда Токмак ҳарбий тўқнашувлар жойи сифатида эмас, балки машҳур Чумацкий трактидаги муҳим савдо маркази сифатида шуҳрат қозонади. Чумаклар (XVI–XIX асрларда ҳозирги Украина ҳудуди ва Россия жанубида яшаб, савдо ва ташиш билан шуғулланган халқлар) айнан Токмак орқали Азов соҳилларидан шимолга балиқ ва туз ташишган.

ХХ аср бошида Токмакда катта темирйўл станцияси қурилган ва шаҳар Украина жанубидаги муҳим транспорт тугуни вазифасини бажара бошлаган. Темирйўл Токмакни Запорижжя, Қрим ва Донецк билан боғлаган, автомобил йўллари эса Мелитопол, Бердянск, Полог, Василивка ва Орехивга элтган.

2022 йил 24 февралида Қрим томондан кириб келган ва Мелитополни эгаллаган Россия қўшини тезда Токмакни ҳам оккупация қилиб, уни қалъа шаҳарга айлантиргани бежиз эмас.

Сунъий йўлдош орқали олинган тасвирларда шаҳарга олиб борувчи йўлда кучли мудофаа истеҳкомлари, хусусан «аждаҳо тишлари» деб аталувчи танкка қарши бетон тўсиқлар ўрнатилганини кўриш мумкин. Шаҳарнинг ўзи танкка қарши чуқурлар билан ўраб олинган.

Урушга қадар Токмак шаҳри аҳолиси 30 минг киши атрофида бўлган. Бир ярим йилдан буён оккупация остида яшаётган шаҳарда қанча одам қолгани — номаълум. Токмак мэри Игор Котелевский 2022 йил майида сирли тарзда вафот этган, у катта эҳтимол билан ўз жонига қасд қилган. У босқин бошланганида шаҳарда қолганди, аммо Россия қўшинлари билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган.

Токмакни қандай озод этиш мумкин?

«Кўча жангларидан қочиш, Токмакни штурм қилиб эгалламаслик учун, улар (Украина қуролли кучлари) россияликлар ўзи шаҳарни ташлаб кетишини кўзлаган ҳолда айланиб ўтиш манёврини қўллашни режалаштирмоқда. Барчаси ҳозир у ерда бўлган қўшинларнинг чидамлилигига боғлиқ», — дейди BBC Украина хизмати билан суҳбатда ҳарбий таҳлилчи ва тарихчи Михайло Жирохов.

У украин қўмондонлиги шаҳарнинг қанотларига ўтиб, Токмак атрофидаги асосий трассаларни, жумладан Пологи ва Бердянск олиб борувчи йўлларни кесиб қўйиш ниятида эканига эътибор қаратган.

Таҳлилчининг фикрича, агар Токмакни россиялик сафарбар қилинган ҳарбийлар ҳимоя қиладиган бўлса, улар катта эҳтимол билан, Украина қуролли кучлари шаҳарни ярим қуршов ҳолатига тушираётганини англаган заҳоти ўз позицияларини тарк этади.

Агар Токмак мудофааси Россия мунтазам қўшини томонидан амалга оширилса, шаҳар остонасидаги жанглар ўта оғир бўлиши мумкин.

«У ерда жуда кучли истеҳкомлар бор», — дея қайд этади таҳлилчи.

Ҳозирда Украина қуролли кучлари Токмак-Пологи йўли томон Новопрокопивка ва Вербове қишлоқлари орасидан ҳаракатланмоқда. Йўлгача 6-7 км масофа бор.

Аммо бу йўлда россиялик ҳарбийлар назоратидаги тепаликлар мавжудлиги вазиятни қийинлаштиради. Австриялик ҳарбий шарҳловчи Том Купернинг қайд этишича, украинлар ушбу тепаликларни эгаллаш учун бир неча бор уриниб кўрган, аммо рақиб қўшини тепаликларни ўз назоратига қайтарган.

Токмак шаҳрининг ўзи ундан 40 км жануби-ғарбдаги стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган Мелитопол каби пастликда жойлашган.

Михайло Жироховнинг ҳисоблашича, агар Украина қуролли кучлари захира кучларни сақлаб туролса, украин бўлинмалари Новопрокопивка ва Вербове атрофида «Суровикин линияси»ни бутунлай орда қолдирганидан кейин, захира кучлар Токмакни ўраб олиш учун жангга киритилиши мумкин.

Ва бу ерда муҳим савол ўртага чиқади — бундай захиралар мавжудми ва уларнинг миқдори қанча?

«Қанча захира борлиги тушунарсиз. Агар Украина қуролли кучларида ҳали захирада учта бригада бор бўлса, унда шундай ютуққа эришиш мумкин. Аммо бу фақат бир ёриб ўтиш учун етарли, афсуски, захираларнинг бир қисми аллақачон ёзги жангларда ҳолдан тойган», — дея прогноз қилади Жирохов.

Токмак нимаси билан бунчалик муҳим?

Токмак — Запорижжя областининг россияликлар назоратида қолаётган йирик шаҳарларидан бири. Мелитопол (урушгача 150 минг киши яшаган) ва Бердянск (110 минг аҳоли) ҳам Россия қўшинлари томонидан ишғол этилган, аммо улар фронт чизиғидан узоқда ва ҳозирда уларни озод этиш ҳақида гапиришнинг мавриди эмас.

Аммо Токмак Россия қўшинлари учун транзит пункти ва йирик транспорт тугуни бўлгани учун ҳам муҳим ҳисобланади. Унинг озод этилиши Мелитопол томон йўл очади.

Шунингдек, оккупация остидаги Қримдан Россиянинг Ростов шаҳрига борувчи автомагистрал ҳам шу шаҳар орқали ўтади. Россияликлар учун муқобил йўналиш бўлган Керч бўғозидаги кўприк вақти-вақти билан украинлар томонидан ўққа тутилиши боис, бу магистрал можаронинг икки томони учун ҳам стратегик аҳамият касб этган.

Агар Украина қуролли кучлари Токмакни озод этишга муваффақ бўлса, бу шубҳасиз, жорий йилги қарши ҳужумнинг ютуғи бўлади, дейди Жирохов.

«Токмак — тугундаги станция, бу жуда муҳим стратегик пункт», — дея қайд этади у.

Донбассдан Азов соҳилларига қадар қуруқлик йўлагини бутунлай узиб қўйиш режаларига келсак, ҳозирча бу Украина учун жуда оғир вазифа, деб ҳисоблайди «Ахборий қаршилик» гуруҳи ҳарбий шарҳловчиси Константин Машовец.

«Шунинг учун (бу йўлакни) торайтиришга қарор қилинди. Бу эса белгиланган вазифаларни бажариш, масалан, Керч кўприги бўйлаб тизимли зарбалар бериш ва Қрримдан соҳил бўйлаб ўтувчи автомагистрални (Жанкой — Ростов трассаси) олов назоратига олиш имконини беради», — дейди эксперт Украинанинг «5 канал» эфирида.

Машовец шунингдек, Россия маълум танаффусдан кейин украин ҳарбийлари сентябр ойи охирида Токмак йўналишидаги юришни тиклашини кутмаганини қайд этган. Унинг маълумотига кўра, Украина қуролли кучлари жангчилари рақибни Новопрокопивканинг шимолий чеккаларидан ва Вербовенинг ғарбий чеккаларидан суриб чиқарган.

«Бу рақиб учун кутилмаган ҳолат бўлди, чунки улар Украина қуролли кучларининг бу ерда ҳаракатланган оператив-тактик гуруҳи ҳолда тойишига умид қилганди», дейди у.

Жанг майдонидаги вазият эса бундай эмаслигини кўрсатмоқда ва украин армияси Токмак томон юришини давом эттирмоқда.

Ўз навбатида, Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) таҳлилчилари ҳисоботига кўра, Россия армияси ҳам бу ҳудудга қўшимча кучларини олиб келиб жойлаштирмоқда.

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Токмак учун жанг. Украина бу йилги қарши ҳужумининг асосий мақсадига эриша оладими?