date
views 345

Россия осмонида тунда 31 та Украина дрони уриб туширилгани айтилди

Иллустратив фото: Anadolu

4 октябрга ўтар кечаси Россиянинг Белгород, Брянск ва Курск вилоятларида Украинанинг самолёт типидаги 31 та дрони уриб туширилди, деб хабар бермоқда Россия Мудофаа вазирлиги. Вазирлик ҳужумнинг бошқа тафсилотларини келтирмади.

Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладковнинг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Белгород шаҳри, Белгород ва Корочанский туманлари устида 19 та “объект”ни уриб туширган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида Белгород шаҳридаги маъмурий бино, Белгород тумани Шишино қишлоғидаги уй ва 3 та автомобиль зарар кўрган. Гладков қурбонлар бор-йўқлигига аниқлик киритмади.

Брянск вилояти губернатори Александр Богомаз ҳам тунги дрон ҳужуми ҳақида хабар берди. Унинг сўзларига кўра, вилоят ҳудудида битта учувчисиз учоқ уриб туширилган. Жароҳатланганлар ва вайроналар йўқ.

Курск вилояти расмийлари Мудофаа вазирлигининг уриб туширилган дронлар ҳақидаги баёнотига ҳозирча изоҳ бермади.

Шунингдек, Россия Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати Қора денгизнинг шимоли-ғарбий қисмида Россия ҳарбий самолётлари “Украина Қуролли Кучлари десант гуруҳининг Қрим ҳудудига киришга уринишини тўхтатганини” хабар қилди.

Аввалроқ Россия Тергов қўмитаси Украинанинг тўрт нафар ҳарбий раҳбари, жумладан Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Будановни дронлар ҳужуми билан Россияда террорчилик ҳаракатларини содир этганликда сиртдан айблаганди.

Россиянинг Украинага босқини бошланганидан бери Россия ҳудудлари, айниқса чегара вилоятлари ўққа тутилди ва дронлар ҳужумига учради. Энг йирик дрон ҳужумларидан бири 30 августга ўтар кечаси содир бўлди. Ўшанда Россия Мудофаа вазирлиги ва минтақавий ҳокимиятлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Брянск, Рязань, Орёл, Калуга, Псков ва Москва вилоятларида, шунингдек, аннексия қилинган Севастополда дронларни уриб туширганини маълум қилди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия осмонида тунда 31 та Украина дрони уриб туширилгани айтилди