date
views 637

Путин: Россия ҳарбий харажатларни оширди, Ғарбда ўқ-дорилар тугамоқда, Пригожин самолётини ҳеч ким уриб туширмади

Путин: Россия ҳарбий харажатларни оширди, Ғарбда ўқ-дорилар тугамоқда, Пригожин самолётини ҳеч ким уриб туширмади
Фото: РИА Новости

Россия президенти Владимир Путин «Валдай» халқаро мунозара клубининг 20-йиғилиши ялпи мажлисида иштирок этди. Путин нутқ сўзлаб, Ғарбни ва унинг «дунёдаги таъсирини» танқид қилди, шунингдек, дунё қандай тузилиши кераклиги ҳақидаги қарашларини баён этди. Кейин бошқа иштирокчилар билан «мунозара» давомида саволларга жавоб берди. Россия президентининг тўлиқ нутқи Кремл сайтида эълон қилинди. Meduza унинг нутқидан асосий иқтибосларни келтирди.

Путиннинг нутқи мазмуни (қисқача)

Қарийб 20 йил аввал клуб йиғилишида илк бор учрашганимизда мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйган эди. Биз бор куч-ғайратимиз ва эзгу ниятимиз билан янги, бизга адолатли кўринган дунёни қуриш жараёнларига қўшилдик. Баъзилар бизнинг конструктив ҳамкорликка тайёрлигимизни нотўғри тушунишди - улар буни Россия бошқа бировнинг йўл-йўриғига эргашишга, кимнингдир манфаатларидан келиб чиқишга тайёрлигини тан олиши деб тушунишди. Шунча йиллар давомида биз бир неча бор огоҳлантирганмиз: бундай ёндашув ҳарбий тўқнашув хавфи ортишига олиб келади. Лекин ҳеч ким бизни тинглашни хоҳламади.

Ғарбдаги «ҳамкорларимиз» такаббурлиги қуюшқондан чиқди. АҚШ ва унинг шериклари ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, маданий, маънавий ва қадриятлар гегемонлиги сари қатъий йўл тутдилар. Ғарб асрлар давомида колонияларни талон-тарож қилиш орқали, бутун сайёрани талон-тарож қилиш орқали гуллаб яшнади. Ғарб тарихи моҳиятан чексиз экспансия солномасидир.

Биз муттасил ошиб бораётган ҳарбий-сиёсий босимга жавоб беришимиз керак. Мен «Украинадаги уруш»ни бошламаганимизни бир неча бор айтганман. Биз уни тугатишга ҳаракат қиляпмиз. Ғарбнинг бевосита кўмагида Киев режими бошлаган урушга бугун ўн йил бўлди ва уни тўхтатиш учун махсус ҳарбий операция ўтказилмоқда. Украина инқирози ҳудудий можаро эмас. Савол анча кенгроқ ва муҳимроқ: биз янги дунё тартиби асосланадиган тамойиллар ҳақида гапиряпмиз.

Ғарбга доимо душман керак. Россия - Ғарб сиёсатчиларининг севимли мавзуси. Ғарб элитаси Хитойми, Ҳиндистонми, араб давлатлари ёки мусулмонми, ўзини мустақил тутадиган ҳар бир кишидан душман ясашга ҳаракат қилмоқда. Қўшма Штатлар хавфсизлик ва иқтисодий соҳадаги қарорларни Европага мажбуран сингдирмоқда. Ғарблик «ҳамкасблар», айниқса Қўшма Штатлардан, ким ўзини қандай тутиши кераклигини очиқ-ойдин сурбетларча ўргатмоқда. Умуман олганда, ким бўлибсиз ўзи? Кўзингизни очинг, мустамлакачилик даври аллақачон тугади деб айтгинг келади.

Фото: РИА Новости

Путиннинг саволларга жавоблари (янада қисқача)

Россия иқтисодиётини ҳарбийлаштирилиши тўғрисида

Мудофаа харажатларимиз ошди, лекин нафақат мудофаа, балки мудофаа ва хавфсизлик харажатлари. Улар тахминан икки баравар кўпайди - бу тахминан уч фоизни ташкил этарди, ҳозир эса олтига яқин. Биз «қурол-яроғга кўп пул сарфлаяпмиз ва нонни унутдик» дейиш тўғри эмас. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, аввалдан эълон қилинган барча ривожланиш режалари, стратегик мақсадларга эришиш ва давлат томонидан аҳоли олдидаги барча ижтимоий мажбуриятлар тўлиқ амалга оширилмоқда.

Ғарбдан Украинага ҳарбий ёрдам тўғрисида

Украина иқтисодиёти ташқи ёрдамсиз мавжуд бўлолмайди. У ерда ҳамма нарса ташқаридан мувозанатлаштирилган. Лекин нима ҳисобига? Ойлик кўп миллиард долларлик сармоялар туфайли. Агар буни тўхтатсангиз, бир ҳафта ичида ҳамма нарса тугайди. Худди шу нарса мудофаа тизимига ҳам тегишли. Тасаввур қилинг, таъминот эртага тўхтайди - ўқ-дорилар тугаши билан бир ҳафта яшашингиз мумкин. Ҳа, улар Ғарбда ҳам тугаяпти.

Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишелнинг «Россия арман халқига хиёнат қилгани» ҳақидаги сўзлари тўғрисида

Путин: Биласизми, халқимизда мақол бор: кимнинг байтали маъраса ҳам, сеники жим турсин.

Бошловчи: Сигир.

Путин: Сигирми, байталми - бу муҳим эмас. Қисқаси, қандайдир ҳайвон.

Одесса ҳақида

Одесса, албатта, рус шаҳри, лекин у оз-моз яҳудий. Фақат оз-моз.

СС фахрийси таклиф қилинган Канада парламентининг йиғилишида иштирок этган Владимир Зеленский ҳақида

Ҳамма бу нацистни, хусусан Украина президенти, томирида яҳудий қони оқаётган, миллати яҳудий бўлган одамнинг бу нацистни олқишлаётгани мутлақо жирканч кўринади. Бу нафақат нацистлар издоши, балки яҳудийларни ўз қўллари билан йўқ қилган шахс.

Фото: Коммерсантъ

«Вагнер» асосчиси Евгений Пригожиннинг ҳалокати ҳақида

Шубҳасиз, [«Вагнер»] раҳбариятига нима бўлгани ҳақидаги савол ҳавода муаллақ турибди. Тергов қўмитаси раҳбари кеча менга авиаҳалокатда қурбон бўлганларнинг жасадида қўл гранатаси бўлаклари топилгани ҳақида хабар берди. Самолётга ҳеч қандай ташқи таъсир кўрсатилмаган. Бу аллақачон тасдиқланган факт - Россия Тергов қўмитаси томонидан ўтказилган экспертиза натижалари.

Афсуски, қурбонларнинг қонида алкогол ёки гиёҳванд моддалар борлиги бўйича ҳеч қандай экспертиза ўтказилмади. Гарчи биз биламизки, Санкт-Петербургдаги [«Вагнер»] офисида ФХХ нафақт нақд 10 миллиард рубл, балки 5 килограмм кокаинни ҳам топган. Менимча, бундай экспертиза ўтказилиши керак эди, лекин ўтказилмади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путин: Россия ҳарбий харажатларни оширди, Ғарбда ўқ-дорилар тугамоқда, Пригожин самолётини ҳеч ким уриб туширмади