
Россия президенти Владимир Путиннинг фикрича, Фаластин—Исроил можаросининг кескин тус олиши АҚШнинг Яқин Шарқдаги сиёсати муваффақиятсизлиги билан боғлиқ, чунки Вашингтон “ҳар икки томон учун муроса топиш ташвишини қилмаган”. Путин бундай фикрини Ироқ бош вазири Муҳаммад ал-Суданий билан учрашувда билдирди.
“Бу АҚШнинг Яқин Шарқдаги сиёсати муваффақиятсизликка учраганига яққол мисол, деган фикримга кўпчилик қўшилса керак деб ўйлайман — Қўшма Штатлар томонлар ўртасидаги келишувни монопол қилишга уринди. Аммо, афсуски, улар ҳар икки томон учун муроса топиш билан шуғулланмади, аксинча, буни қандай қилиш борасида ўз ғояларини илгари сурди, ҳар икки томонга босим ўтказди”, — деди Путин Фаластин—Исроил ўртасида қайта бошланган урушга илк бор изоҳ бериб.
Россия президентининг сўзларига кўра, АҚШ “Фаластин халқининг асосий манфаатларини” ҳисобга олмади.
“Мен, биринчи навбатда, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш тўғрисидаги қарорларини амалга ошириш зарурлигини назарда тутяпман”, — деди у. Путин айнан қайси қарорлар ҳақида гапираётганига аниқлик киритмади.
Путиннинг қўшимча қилишича, Россия позицияси “тинч аҳолига етказиладиган зарарни минималлаштириш ва нолга туширишни ёқлаш” бўлиб, Россия ҳукумати “барча қарама-қарши томонларни бунга чақиради”.
7 октябр куни эрталаб ҲАМАС Исроилга ҳужум қилди. Улар беш мингга яқин ракета отиб, Исроил билан чегара ҳудудларни эгаллашга ва Исроил ҳарбийлари билан жангга киришди. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторига йирик ҳужумларни бошлади. Ҳар икки томондан юзлаб тинч аҳоли ҳалок бўлмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!