
Исроил мудофаа кучлари ҲАМАСнинг иқтисодиёт вазири Жавад Абу Шамални ўлдирганини эълон қилди. Бу ҳақда Исроил ҳарбийларининг Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги постда айтилади.
Исроил армияси қайд этишича, Абу Шамал ҲАМАСнинг молиявий ишларини бошқарган ҳамда “Ғазо сектори ичида ва ташқарисида терроризмни молиялаштириш учун пул ажратган”.
Хабарда айтилишича, Абу Шамал илгари ҲАМАС хавфсизлик хизматида ишлаб, “Исроил фуқароларига зарар етказишга қаратилган қатор операцияларни бошқарган”.
Исроил армиясининг Ғазо секторига берган зарбалари оқибатида ҲАМАСнинг яна бир юқори мартабали аъзоси Закария Абу Маамар ҳам ҳалок бўлди, деб хабар берди Sky News Исроил мудофаа кучларига таяниб.
Кейинроқ ҲАМАС аъзолари Reuters агентлигига Жавад Абу Шамал ҳамда Закария Абу Маамарнинг ўлимини тасдиқлади. Агентлик маълумотларига кўра, Шамал ва Маамар Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнис шаҳрига берилган авиазарба оқибатида ҳалок бўлган.
ҲАМАС 7 октябр куни эрталаб Исроилга ракета ҳужумларини бошлади. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторига йирик зарбалар берди. Исроил расмийлари мамлакат уруш ҳолатида эканини расман эълон қилди.
Соат 18:30 ҳолатига кўра, Исроил томонидан 1000 киши ҳалок бўлган ва 3400 киши яраланган. Фаластин томони Исроилнинг Ғазо секторига берган зарбалари оқибатида 700 киши ҳалок бўлганини, яна тўрт мингга яқин киши жароҳатланганини маълум қилди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!