date
views 297

ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми. Бунга Эрон алоқадорми?

ҲАМАСнинг Исроилга шанба кунги ҳужумидан кейин Теҳрон кўчаларида намойишчилар байрам қилишди. Улар Фаластин байроқларини кўтарган ҳолда ҲАМАС ва Фаластин қаршилик ҳаракатини қўллашини ифодалашди

ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумига Эрон алоқадорлиги бўйича ҳозирча далиллар йўқ, аммо таҳлилчилар Яқин Шарқдаги беқарорлашув Эрон учун фойдали бўлиши мумкинлигини айтишмоқда. Араб мамлакатлари ва яҳудийлар давлати муносабатлари нормаллашуви ушбу ислом республикасига маъқул келмайди, янги уруш эса — тинчлик жараёнини издан чиқаришнинг энг яхши йўлидир.

Шу билан бирга экспертлар бу сафар ҲАМАС асосий иттифоқчиси ва ҳомийларидан бирининг иштирокисиз мустақил ҳаракат қилган бўлиши мумкинлигини ҳам истисно этишмайди.

ҲАМАСнинг шанба кунги кутилмаган ва яхши уюштирилган ҳужумидан кейин деярли барча кўзлар Исроилнинг азалдан энг катта душмани бўлиб келган Эронга қаратилди.

Масалан, Wall Street Journal газетаси манбалари даъво қилишича, Эрон махсус хизматлари ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумини режалаштиришда ёрдам кўрсатган ва ўтган ҳафтанинг душанба куни Байрутда ўтказилган учрашувда бу ҳужумга яшил чироқ ёқилган.

Эрон парламентарийлари ҲАМАСнинг Исроилга шундай қувончли ҳайқириқлар билан қарши олишди: «Исроилга ўлим!», «Америкага ўлим!» ва «Фаластин ғолиб бўлади!».

Эрон диний раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаий телемурожаатида шундай деди: «Биз сионист режимга ҳужумни режалаштирганларнинг қўлини ўпамиз». Ва Теҳрон бунга алоқадор эмаслигини қўшимча қилди.

Таҳлилчилар ҲАМАС бу ҳужумни тўғридан тўғри кўрсатмасиз ва ташқаридан ёрдамсиз ҳам уддалаган бўлиши мумкинлигини қайд этишган.

«Менинг фикримча, муаммо катта эҳтимол билан локал миқёсда. Ва бу нима қилиб бўлса ҳам Исроилнинг Саудия Арабистони билан яқинлашувининг олдини олишни истаган ҲАМАСнинг қарори. Албатта, Эрон ҳам худди шу нарсани хоҳлайди ва ҲАМАСни 2000-йиллардан буён яқиндан қўллаб-қувватлаб келади», — дея қайд этган Париждаги Sciences-Po Сиёсий фанлар олий мактаби профессори Фредерик Энсел.

«Аммо, моҳиятан, Теҳроннинг кун тартибида бошқа мавзулар бор: булар санкциялар бекор қилиниши, ядро энергетикасини ривожлантириш, мамлакатнинг ички муаммоларини ҳал қилиш, Белужистондаги норозилик намойишларини бостириш. Аммо Ғазо сектори эмас».

Ҳозирча ҳеч ким Эронни айбламаяпти

Теҳрондаги бинолардан бирида Исроилга қарши баннерда «Ал-Ақсо тўфони» деб ёзилган. ҲАМАС Исроилга қарши амалиётини айнан шундай атаганди

АҚШ ҳам ҳали Эроннинг Исроилга ҳужум режалаштирилиши ва амалга оширилишига бевосита алоқадорлигини тасдиқловчи ишончли далилларни топа олмаганини таъкидлаган.

«Шубҳасиз, бу тенгламада Эрон ҳам бор. Улар кўп йиллар мобайнида ҲАМАС ва «Ҳизбуллоҳ»га ёрдам кўрсатиб келишади», — дея шахси сир қолишини истаган америкалик мулозимнинг сўзларини келтиради CNN.

Аммо тўғридан тўғри аралашув ҳақида гапиришга ҳали эрта, дея бошқа бир расмийдан иқтибос келтирган телеканал.

Агар Эроннинг бевосита иштироки тасдиқланса, Исроилдаги уруш кенг кўламли минтақавий можаро даражасига чиқади, дея ёзганBBC дипломатик мухбири Пол Адамс.

Ҳозирча жаҳон етакчилари ўз баёнотларида эҳтиёткорлик қилмоқда ва ислом республикаси манзилига тўғридан тўғри айблов билдиришдан тийилмоқда.

Эрон анчадан буён Исроилга қарши курашувчи радикал гуруҳларни қўллаб келади. Аммо ҳамиша тўғридан тўғри эмас, ўз прокси-гуруҳлари орқали ҳаракат қилади. Таҳлилчилар беқарорлик ўчоғи янгидан авж олиши Эронга қандай фойда келтириши борасида тахминларини билдиришмоқда.

Эронга бундан нима фойда?

ҲАМАС ҳужумига жавобан Исроилнинг Ғазо бўйлаб зарбалари оқибатлари

Сўнгги йилларда Яқин Шарқда кескинликни юмшатиш ва муросага келиш тенденцияси пайдо бўлди. Собиқ душманлар музокара столига ўтириб, ҳамкорлик шартномаларини имзолашди ва сўзда бўлса ҳам бир-бирлари билан урушмасликка келишиб олишди.

Эрон ҳам бундан мустасно бўлмади ва Хитой воситачилигида Саудия Арабистони билан дипломатик муносабатларни тиклади. Аммо ҳозирда, афтидан, минтақадаги таъсир доираси учун курашга дов тиккан.

«Бу Эрон ҲАМАСга Исроилга ҳужум қилишга буйруқ бергани ёки фаластинлик жангариларни назорат қилишини англатмайди; улар Эроннинг қўғирчоқлари эмас. Шунга қарамай, Эрон етакчилари ҳужумни олқишлашди», — дея ёзади АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг Яқин Шарқ масалалари бўйича таҳлилчиси ва Денвер Университетидаги Корбел халқаро тадқиқотлар мактаби таҳлилчиси Аарон Пилкингтон.

«Танланган вақт Эрон учун муваффақиятли ва фойдали. Қарама-қаршилик Эрон учун ҳам фойдали ва Ислом Республикасининг минтақадаги таъсир доираси учун курашига мос келади», — деб ҳисоблайди у.

Сўнгги ойларда Исроил ва Саудия Арабистони муносабатларни нормаллаштириш бўйича музокараларни фаоллаштираётганди. Мулоқотдаги асосий воситачи бўлган АҚШнинг режасига кўра, улар минтақада биргаликда Эронга қарши туриши керак эди.

Минтақадаги қудратли держава ҳамда мусулмонларнинг муқаддас қадамжолари жойлашган Саудия Арабистони ортидан бошқа араб мамлакатлари ҳам эргашишини кутиш мумкин эди.

Эрон кутилганидек эҳтимолий илиқлашувга кескин қаршилик билдирди. Оятуллоҳ Хоминаий Исроил билан муносабатларини нормаллаштиришни мақсад қилган мамлакатлар «нотўғри отга тиккани» учун мағлубиятга учраши билан таҳдид қилди.

«Айтишим керакки, мен эронликлар можаро деэскалациясидан манфаатдор бўлиши белгиларини кўрмаяпман», — деганди АҚШ ташқи алоқалар кенгаши ташкилоти катта илмий ходими Рэй Такей брифингда.

«Улар Яманга қурол етказиб беради. Улар Фаластин-Исроил экалациясига қайсидир даражада алоқадорлигига шубҳа йўқ. Ва ҳатто уларнинг ядро дастури ҳам ривожланмоқда. Халқаро атом энергетикаси агентлиги маълумотларига кўра, 60 фоизлик бойитиш даражаси ҳам 7 фоизга ошган».

Эрон ва ҲАМАСнинг умумий мақсадлари

ҲАМАС Исроилни йўқ қилишни асосий мақсади деб билади ва яҳудийлар давлати билан ҳар қандай тинчлик келишувини инкор этади

«ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми — нафақат Исроил разведкаси ва ҳарбийларининг кенг кўламли муваффақиятсизлиги (АҚШ разведкасининг ҳам), балки Эроннинг Ямандан Ғазо секторигача бўлган қаршилик ўқи учун ҳам ажойиб муваффақиятдир», — дея ёзган ливанлик журналист Ким Гаттас.

Шу билан бирга таҳлилчилар радикал гуруҳнинг ташқаридан ёрдамсиз ҳам бу каби ҳужумни амалга ошириш даражасида мустақиллигига эътибор қаратишмоқда.

«Эрон логистик ва ҳарбий жиҳатдан ёрдам беради, аммо бу қарор камида 75 фоизга ҲАМАС раҳбариятининг мустақил қарори», — деган BBC билан суҳбатда сказал Исроил ташқи разведкаси Моссаднинг собиқ катта зобити Хаим Томер.

Sciences-Po вакили Фредерик Энсел ҳам унга қўшилади.

«Унутмаслик керакки, эронликлар — шиалар, ҲАМАС — суннийлар ҳаракати. Ва, тўғрисини айтганда, ҲАМАС ўз сиёсатини ўзи белгилайди ва биз гувоҳи бўлган йирик ҳужумни бошлаш учун етарли даражада эффективликка эришган».

ҲАМАС ўтмишда ҳам Фаластин-Исроил можаросини тинч йўл билан ҳал қилишга қаратилган ҳар қандай уринишларни найза билан қарши олган ва ҳеч қандай муросага бормаган. ҲАМАС ташкил топганидан буён Исроил давлати мавжудлигини тан олмайди ва унинг йўқ қилишни ўз олдига мақсад қилган.

Эрон биланми ёки усиз, ҲАМАС бу уринишдан воз кечмайди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми. Бунга Эрон алоқадорми?