Россия президенти Владимир Путин МДҲ саммитида иштирок этиш учун Қирғизистонга борди. Бу - Россия раҳбарининг жорий йилдаги биринчи хорижий ташрифи. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.
Фото: “ТАСС”
Россия расмий делегацияси таркибида:
- ташқи ишлар вазири Сергей Лавров,
- бош вазир ўринбосари Алексей Оверчук,
- адлия вазири Константин Чуйченко,
- табиий ресурслар вазири Александр Козлов,
- иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников,
- фан ва олий таълим вазири Валерий Фальков,
- “Росатом” раҳбари Алексей Лихачев бор.
Ташриф давомида Қирғизистон—Россия музокаралари ўтказилиши ҳам кутилмоқда. Муҳокама қилинадиган мавзулар қаторида сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳарбий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришнинг асосий масалалари бор. Шунингдек, долзарб халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган.
Шундан сўнг Путин Россиянинг Кантдаги ҳарбий авиабазасининг 20 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда иштирок этади. Пайшанба куни Россия президентининг Озарбойжон раҳбари Илҳом Алиев билан музокаралари ҳам режалаштирилган.
13 октябр, жума куни Бишкекда МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг тор ва кенгайтирилган таркибдаги мажлиси бўлиб ўтади. Унинг якунлари бўйича мамлакатлар раҳбарлари қўшма ҳужжатларни имзолаши кутилмоқда. Шунингдек, шу куни Путин Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан алоҳида учрашув ўтказади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!