Ғазо секторида бўлажак кенг кўламли қуруқликдаги операция давомида Исроил армияси (ЦАХАЛ) анклавга чуқур кириб боришни ва ҲАМАС етакчиларини қўлга олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Haaretz газетасига таяниб Interfax хабар берди.
«Қуруқликда ҳарбий операция бошланади ва вазифани бажариш учун Ғазо юрагига кириб бориш талаб этилади», деди ЦАХАЛ вакили. Армия расмийларининг қўшимча қилишича, операция тафсилотлари ҳали ҳам ҳарбий раҳбарлар томонидан муҳокама қилинмоқда.
Ўз навбатида, Кнессетнинг нуфузли аъзоси Гидеон Саар Channel 12 News телеканалига берган интервьюсида Ғазо сектори ҳудуди «уруш якунига қадар кичрайиб бориши»ни тахмин қилди. Унинг таъкидлашича, «хавфсизлик зонаси сифатида таснифланадиган ҳудуд яратилиши керак ва унга кирган ҳар қандай одам дарҳол тўхтатилиши лозим».
«Биз кампаниямиз якунини барчага тушунарли қилишимиз керак. Ким Исроилга қарши уруш бошласа, ўз ҳудудини йўқотади», деб қўшимча қилди Саар.
14 октябр куни эрталаб Исроил армияси расмийлари Ғазо секторида кенг кўламли кампанияга ва «кўп сонли ҳужум режаларини амалга оширишга тайёргарлик кўраётганини, унинг таркибига ҳаво, денгиз ва қуруқликдан мувофиқлаштирилган ҳужумлар киришини» айтди.
Бундан ташқари, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Исроил жанубидаги ЦАХАЛ базасига ташриф буюриб, Ғазо секторида ҲАМАС ташкилотига қарши ҳарбий операциянинг навбатдаги босқичи яқинлашаётганини маълум қилди. Бир кун аввал Нетаняху ўз ватандошларига мурожаати чоғида Исроил ушбу операция «қанчалик узоқ давом этмасин, ҲАМАС йўқ қилинишига» ваъда берган эди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг