Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашувда Ар-Риёд Исроилнинг Ғазо секторида тинч аҳолига қарши ҳужумларини қоралашини айтиб, халқаро ҳуманитар ҳуқуқни ҳурмат қилишга чақирди.
Муҳаммад бин Салмон Блинкен билан пойтахт Ар-Риёдда учрашди, дея хабар беради SPA Саудия Арабистони расмий ахборот агентлиги.
Учрашувда Муҳаммад бин Салмон Саудия Арабистони Исроилнинг Ғазо секторидаги тинч аҳоли ва инфратузилма объектларига ҳужумларини қоралашини айтди.
Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлаётган ҳарбий амалиётларни тўхтатиш муҳимлигини таъкидлади.
Мамлакатининг кескинликни юмшатишга қаратилган саъй-ҳаракатларига ишора қилган Муҳаммад бин Салмон: «Халқаро инсонпарварлик қонунларига, жумладан, кескинликни юмшатиш ва Ғазога қўйилган блокадани олиб ташлашга риоя қилиш керак», деди.
Унинг айтишича, Саудия Арабистони Фаластин халқининг қонуний ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, узоқ муддатли тинчликка эришиш учун барқарорлик ва тинчлик жараёнини тиклашга ҳаракат қилмоқда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг