17-18 октябр кунлари Россия президенти Владимир Путин Хитойга ташриф буюрди. Россия президенти Евросиё мамлакатларида иқтисодий шериклик ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича Хитой ташаббуси бўлган «Бир камар, бир йўл» форумида иштирок этди. Путин форумда нутқ сўзлади ва Хитой раиси Си Жинпинг, шунингдек, Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан музокаралар ўтказди. Сўнгра у ташриф якунлари бўйича матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди. Meduza Путиннинг нутқи мазмунини қисқача келтирди.
АҚШ томонидан Украинага ATACMS ракеталари етказилиши тўғрисида
Бу қўшимча таҳдидларни келтириб чиқаради, аммо биз бу ҳужумларни албатта қайтара оламиз. Уруш — бу уруш. Аммо энг муҳими шундаки, у фронт чизиғидаги вазиятни тубдан ўзгартиришга қодир эмас. Бу Қўшма Штатларнинг яна бир хатоси. Улар бу можарога тобора кўпроқ жалб қилинмоқда. Бу аниқ нарса. Ва ҳеч ким уларнинг бу урушга алоқаси йўқлигини айтмасин. Алоқаси бор деб ҳисоблаймиз.
Бунда Украина учун ҳам яхши нарса йўқ. Бу шунчаки уларнинг азобини узайтиради. Мана улар Херсон йўналишида узоқ вақтдан бери эълон қилинаётган ва узоқ кутилган қарши ҳужумни бошладилар. Натижа йўқ, йўқотишлар бор. Худди Запорижжя ва бошқа йўналишларда бўлгани каби.
Урушда Россиянинг мағлубияти ҳақида
Агар Россия урушда мағлубиятга учраган бўлса, нега ATACMS ракеталари етказиб берилиши керак? Унда АҚШ ATACMS ва бошқа барча қуролларни қайтариб олсин. Байден қуймоқ есин, чой ичиш учун зиёфатимизга келсин.
Украина билан музокаралар ҳақида
Яқин-яқингача Россиянинг жанг майдонида стратегик мағлубиятга учрашини истаган масъуллар бошқача овозда гапирганини эшитяпмиз. Улар бу муаммоларни тинч музокаралар орқали ҳал қилишни таклиф этмоқда. Бу тўғри трансформация. Жаноб Боррелл аллақачон бу ҳақда гапирмоқда. Бунинг учун уни мақтайман.
Агар Украина томони ҳақиқий музокара жараёнини истаса, у ҳолда буни қандайдир театрлаштирилган имо-ишоралар билан эмас, балки Украина президентининг музокараларни тақиқлаш ҳақидаги фармонини бекор қилиши керак.
Си Жинпинг билан музокаралар ҳақида
Биз чекланган форматда бизнес тушлик қилдик, унда икки томоннинг ташқи ишлар вазирлари ҳам иштирок этди. Кейин раис Си бизни алоҳида суҳбатга таклиф қилди. У билан юзма-юз, бир пиёла чой устида суҳбатлашдик. Бу жуда самарали ва мазмунли суҳбат бўлди. Биз бир ярим соатдан икки соатгача суҳбатлашдик, бутунлай махфий характердаги айрим масалаларни муҳокама қилдик.
Ғазодаги шифохонага қилинган ҳужум ҳақида
Бу даҳшатли воқеа, фалокат. Юзлаб ўлганлар ва юзлаб ярадорлар. Умид қиламанки, бу можаро имкон қадар тезроқ тугаши кераклиги ҳақида сигнал бўлади. Мен минтақадаги беш нафар етакчи билан гаплашдим ва ҳеч ким можаро давом этишини, вазият ёмонлашишини хоҳламайди деган таассурот олдим.
Биз ҳар доим пойтахти Шарқий Қуддусда бўлган мустақил, суверен Фаластин давлатини яратиш тарафдори бўлганмиз. Ҳозирги инқироз бу муаммони ҳал қилишга ёрдам берадими ёки йўқлигини билмайман, лекин агар шу амалга ошса, бу тўғри бўлар эди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг