date
views 438

Байден Исроилга «мисли кўрилмаган» ёрдамни ваъда қилди, Ғазога гуманитар ёрдам ажратди

Байден Исроилга «мисли кўрилмаган» ёрдамни ваъда қилди, Ғазога гуманитар ёрдам ажратди

Фото: Evelyn Hockstein/Reuters

АҚШ президенти Жозеф Байден Исроилга ташрифини якунлади. ОАВ хабарларига кўра, унинг ташрифи 8 соатдан ортиқ давом этди. Бу вақт ичида у бош вазир Бенямин Нетаняху ва Исроилнинг бошқа расмийлари билан учрашувлар ўтказди.

Байден ташриф давомида Пентагон маълумотларини ўрганиб чиқиб, Ғазо секторидаги «Ал-Аҳлий» насроний-баптистлар шифохонасига берилган ракета зарбасида Исроилнинг алоқаси йўқ деган хулосага келганини айтди.

«Мудофаа вазирлиги менга тақдим этган маълумотга ишончим комил», деди у журналистларга.

Байден Исроил етакчилари билан учрашув чоғида Қўшма Штатлар Исроилни қўллаб-қувватлашда давом этиши ва тинч аҳоли қурбонлари хавфини камайтиришга ҳаракат қилишини айтди.

Шу билан бирга, АҚШ президенти шу ҳафта охирида Конгрессдан Исроилга рекорд миқдорда ёрдам ажратишни сўрашини маълум қилди.

«Шу ҳафта охирида мен АҚШ Конгрессидан Исроил мудофааси учун мисли кўрилмаган ёрдам пакетини сўрашни режалаштиряпман», деди у.

Шунингдек, Байден Ғазо сектори ва Ўрдун дарёсининг Ғарбий соҳилига 100 миллион доллар гуманитар ёрдам берилишини эълон қилди. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, бу маблағлар уйларини тарк этишга мажбур бўлган 1 миллиондан ортиқ фаластинликни қўллаб-қувватлайди. АҚШ президентининг таъкидлашича, Исроил расмийлари Ғазо секторига ёрдамни «имкон қадар тезроқ» етказиб беришга рози бўлган.

Аввалроқ, АҚШ президенти Иорданияга ҳам ташриф буюриши кутилганди, у ерда Фаластин миллий маъмурияти (ФММ) раиси Маҳмуд Аббос билан учрашув режалаштирилган эди. Бироқ, Аббос Ғазодаги шифохона билан боғлиқ фожиадан сўнг, бу учрашувда иштирок этишдан бош тортди.

Бунинг ортидан Иордания ҳукумати чоршанба куни Аммонда АҚШ, Миср ва ФММ раҳбарлари иштирокида ўтказилиши режалаштирилган саммитни бекор қилди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Байден Исроилга «мисли кўрилмаган» ёрдамни ваъда қилди, Ғазога гуманитар ёрдам ажратди