Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин Россия фуқаролигига эга мигрантлар Украинадаги жанговар ҳаракатларда қатнашишдан бош торца, уларни фуқароликдан маҳрум этишни таклиф қилди. Бу ҳақда у Россия ҳарбий етакчилари клубининг ҳарбий-илмий конференциясида гапирди, тегишли видео Тергов қўмитаси сайтида эълон қилинди.
Тергов қўмитаси раҳбари Россия паспортини олган хорижликларни жанговар ҳаракатларда иштирок этишга жалб қилиш ҳақида биринчи марта гапираётгани йўқ.
2023 йил январь ойида у “Российская газета”га берган интервьюсида “махсус ҳарбий операция вазифаларида қатнашиш учун фуқароликка қабул қилинган шахсларга устуворлик бериш масаласини кўриб чиқиш” мақсадга мувофиқ эканини айтганди.
Унинг сўзларига кўра, биргина 2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг 60 мингдан ортиқ собиқ фуқаролари Россия фуқаролигини олган ва “шу тариқа нафақат ҳуқуқлар, балки уларни қабул қилган давлатни ҳимоя қилиш бўйича конституциявий мажбуриятларни ҳам зиммасига олган”.