Ғазо секторидаги ҳалокатли ҳуманитар вазият туфайли Германия 50 миллион евро миқдорида фавқулодда ёрдам кўрсатади. Бу ҳақда 19 октябр, пайшанба куни Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Амманда иорданиялик ҳамкасби Айман Сафадий билан қўшма чиқишида айтиб ўтди. Пул БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури, ЮНИСЕФ ва БМТнинг Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларга ёрдам агентлиги (UNRWA) каби ташкилотларни қўллаб-қувватлаш учун сарфланади.
Бербокнинг сўзларига кўра, Германия аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш ва тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга эътибор қаратмоқда. «Биз Ғазога тиббий гуруҳларни юборишга, шунингдек, оғир яраланган болаларни даволаш имкониятини яратишга тайёрланяпмиз», - дея қўшимча қилди Германия ташқи ишлар вазири. Ўз навбатида, Анналена Бербок Иордания расмийларини Ғазо секторидаги тинч аҳолига ёрдам бериш учун 4,7 миллион евро ажратгани учун олқишлади ва Форс кўрфазининг бошқа давлатларини қиролликдан ўрнак олишга чақирди.
Германия фаластинликларга молиявий ёрдамни муҳокама қилмоқда
7 октябр куни ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми муносабати билан Германияда Фаластин ҳудудларини Германия томонидан молиялаштириш борасида баҳс-мунозаралар авж олди. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги маълумотларига кўра, Берлин Фаластин бўйича дунёдаги энг йирик донорлардан бири ҳисобланади. Биргина тўғридан тўғри ёрдам йилига 50 миллион еврони ташкил қилади. Бундан ташқари, Германия ушбу ҳудудларда БМТ ва ноҳукумат ташкилотларининг турли лойиҳаларини молиялаштиради.
Энди баъзи немис сиёсатчилари молиявий ёрдамни тўлиқ тўхтатишга чақирди, Германиядан келадиган пул «антисемитизмни молиялаштирмаслиги кераклиги» айтилди.
Шунга ўхшаш муҳокамалар Европа Иттифоқи даражасида ҳам бўлиб ўтди. Шу билан бирга, Ғазо секторидаги ҳуманитар вазият ёмонлашгани сабабли Еврокомиссия жорий ёрдамни 25 миллион евродан 75 миллион еврогача оширишга қарор қилди. Бироқ, Брюссел бошқа лойиҳаларни молиялаштиришни қайта кўриб чиқишга ваъда берди.
ҲАМАС ва Исроил
7 октябр куни ҲАМАС жангчилари Исроилга қарши кенг кўламли ҳужум уюштирди. Ўшандан бери Исроил ҲАМАС назорати остидаги аҳоли зич жойлашган Фаластин ҳудудига йирик ҳаво ҳужумларини амалга оширди. Исроил армияси гуруҳни йўқ қилиш учун Ғазо секторида қуруқликдаги кенг кўламли операцияга ҳозирлик кўрмоқда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг