Байден: «Исроилликлар ва фаластинликлар тенг даражада хавфсизлик ва тинчликда яшашга лойиқ»
АҚШ президенти Жо Байден телевидение орқали америкаликларга йўллаган мурожаатида АҚШ «террорчилар ва тиранларга ғолиб бўлиш»га йўл қўй олмаслиги туфайли Исроил ва Украинага ёрдам бериши зарурлигини маълум қилди. Байденнинг мурожаати матни The New York Times газетаси томонидан келтирилган.
Хусусан, АҚШ президенти Конгрессдан Украина ва Исроил учун ёрдам сўрашини анонс қиларкан, ҲАМАС ва Путин турлича таҳдидларни келтириб чиқарса ҳам, уларни барибир «қўшни демократияни тўлиқ яксон этиш» истаги бирлаштиришини, АҚШ эса бунга йўл қўя олмаслигини таъкидлаган.
«ҲАМАСнинг мавжудлиги мақсади — Исроил давлатини йўқ қилиш ва яҳудий халқини ўлдиришдир. Путин эса Украинада ҳақиқий давлатчилик бўлгани ёки ҳозирда мавжуд бўлишини инкор этади. У Украинани советлар иттифоқи яратганини таъкидлайди. Ва атиги икки ҳафта муқаддам бутун дунёга қарата, агар Қўшма Штатлар ва бизнинг иттифоқчиларимиз кетадиган бўлса, Украина бир ҳафтадан ортиқ омон қолмаслигини айтди», – деган Америка президенти.
У Исроилни Қўшма Штатлар 2001 йил 11 сентябрдан кейин йўл қўйган хатоларни такрорлашдан огоҳлантирган. «Мен Исроил ҳукуматини ғазабдан кўр бўлмаслик ҳақида огоҳлантирдим. Америкада эса кимлигимизни унутмайлик. Биз мусулмонларга, яҳудийларга ёки бошқа бировга нисбатан нафратнинг ҳар қандай шаклини, кўринишини рад этамиз», – деди Байден.
У шунингдек ҲАМАС фаластинликларнинг манфаатларини ифода этмаслиги, балки тинч аҳолидан жонли қалқон сифатида фойдаланиши ва улар туфайли бегуноҳ фаластинликлар азоб чекаётганини қайд этган.
АҚШ президенти, шунингдек, Исроил ва Фаластин ўртасида икки давлат сифатида бирга яшаш ғоясидан воз кечиб бўлмаслигини айтди. «Исроил ва фаластинликлар тенг даражада хавфсизлик, қадр-қиммат ва тинчликда яшашга лойиқдир», – деди Жо Байден.
У Фаластин-Исроил можароси фонида антисемитизм ва исломофобия авж олганини қоралади. «Бугунги кунда яҳудий оилалар мактабда ёки кўчада ўз эътиқодларининг тимсолларини кийгани учун ҳужумга учраши мумкинлигидан хавотирда», – деди Байден. У, шунингдек, Қўшма Штатларда олти ёшли фаластинлик бола ўлдирилгани, бунга нафрат сабаб бўлганини эслаган.
Президент шунингдек, агар «Путиннинг Украина устидан назоратни қўлга олиш истаги тўхтатилмаса, у фақат Украина билан кифояланмаслиги»ни айтган.
«Биласизми, тарих бизга шуни ўргатдики, террорчилар ўз террори учун, диктаторлар эса ўз тажовузи учун [бадал] тўламаса, улар [янада] кўпроқ тартибсизлик, ўлим ва вайронагарчиликка сабаб бўлади. Улар [бу ишда] давом этмоқда, Америка ва дунё учун таҳдидлар ортиб бормоқда», – деди президент.
Байден АҚШнинг ҳаракатларини нафақат иттифоқчилар, балки душманлар ҳам кузатиб бораётганини айтган. Шунинг учун, президентнинг фикрича, агар Америка Украинага ёрдам беришни тўхтатса ва Путин уни мустақилликдан маҳрум қилиш имконига эга бўлса, «дунёдаги бошқа потенциал тажовузкорлар ҳам худди шундай қилишга уриниш учун жасорат топади».
Шу сабабли Байден Украина, Исроил ва АҚШнинг бошқа иттифоқчиларига ёрдам бериш учун конгрессга шошилинч сўров юборишни режалаштираётганини айтди. «Бу оқилона сармоя бўлиб, авлодлар учун хавфсизлик дивидендлари сифатида қайтарилади», – деди Байден.
Оқ уй раҳбари молиявий пакет Исроилга «мисли кўрилмаган ёрдам»ни ўз ичига олишини таъкидлаган. «Биз минтақадаги бошқа ҳар қандай душман кучлар Исроил ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ эканини билишига ва бу можаронинг кенгайишига йўл қўймаслигига ишонч ҳосил қилишимиз керак», – деди у.
Бундан ташқари, президентнинг сўзларига кўра, ушбу пакет Украина Россия агрессиясига қарши туришда давом этишини таъминлаши керак. Байден конгрессни Украинага узлуксиз қурол етказиб беришни давом эттириш учун барча ишни қилишга чақирган. У Қўшма Штатлар Киевга омборлардан қурол-яроғ юбораётгани ва конгресс ажратган пул яна қурол сотиб олиш учун зарурлиги, бу бутун мамлакат бўйлаб Америка қурол-яроғ ишлаб чиқарувчи компанияларини иш билан таъминлашини таъкидлаган.
Президент иттифоқчиларни қўллаб-қувватлаш учун конгрессдан айнан қанча маблағ сўрашни режалаштираётганини очиқламаган, аммо аввалроқ Америка нашрлари, жумладан NYT гап 100 миллиард доллар ҳақида кетаётганини ёзганди. Шундан 60 миллиард доллар Украинага, 10–14 миллиард доллар — Исроилга ажратилиши, қолган қисми эса Тайванга ёрдам бериш ва АҚШнинг Мексика билан чегарасида хавфсизликни таъминлаш учун йўналтирилиши мумкин.
Сўзининг охирида Байден Американинг етакчилиги — «дунёни биргаликда ушлаб туриши», АҚШнинг бошқа мамлакатлар билан иттифоқчилиги — «Қўшма Штатларнинг ўз хавфсизлигини таъминлаши», Америка қадриятлари — АҚШни бошқа давлатлар ҳамкорлик қилишни хоҳлайдиган ҳамкорга айлантирадиган нарса эканини таъкидлаган.
«Агар биз Украинадан кетсак, агар биз Исроилдан юз ўгирсак, бунинг барчаси хавф остида қолади», – дея қайд этган президент.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг