АҚШ президенти Жозеф Байден Конгрессга Украинага 61,4 миллиард доллар, шунингдек, Исроил мудофаасини мустаҳкамлаш учун 14,3 миллиард доллар миқдорида молиявий ёрдам сўраб мурожаат қилди, деб хабар берди Bloomberg.
Америка президенти шунингдек, Украина, Исроил ва Ғазо секторига 10 миллиард долларлик гуманитар ёрдам сўраган. Шунингдек, сўров АҚШ-Мексика чегараси хавфсизлиги учун 13,6 миллиард доллар ва миллий хавфсизликнинг бошқа устувор йўналишлари учун 7,4 миллиард долларни ўз ичига олади.
Аввалроқ Байден америкаликларга мурожаат қилиб, нима учун Украина ва Исроилга ёрдам кўрсатиш зарурлигини тушунтирган эди. Унинг айтишича, ҲАМАС ва Россия президенти Владимир Путин турли хил таҳдидларни келтириб чиқаради, бироқ уларнинг умумий томони шундаки, улар қўшни демократияни бутунлай йўқ қилишни хоҳлашади.
«ҲАМАС Исроил давлатини йўқ қилиш ва яҳудий халқини йўқ қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган... Шу билан бирга, Путиннинг фикрича, Украина ҳеч қачон суверен давлат сифатида мавжуд бўлишга ҳақли эмас. Икки ҳафта олдин у агар Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Украинага ёрдам беришни тўхтатса, Украинанинг мавжуд бўлишига бир ҳафта вақт қолади деган эди», деди Байден.
Байденнинг таъкидлашича, Америка «ҲАМАС каби террорчилар ва Путин каби золимларнинг ғалаба қозонишига йўл қўймайди».
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг