21:23 / 28.10.2023
339

Эрдўған Исроилни «босқинчи», Ғарбни эса ҳарбий жиноятларга шерик деб атади

Эрдўған Исроилни «босқинчи», Ғарбни эса ҳарбий жиноятларга шерик деб атади

Фото: REUTERS/Dilara Senkaya

28 октябр куни Истанбул аэропортида Фаластинни қўллаб-қувватлаш учун ўн минглаб одамлар йиғилди. Намойиш олдиндан режалаштирилганди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған йиғилганларга мурожаат қилиб, Исроилни «босқинчи» деб атади ва уни ҳарбий жиноятларда айблади.

Дастлаб у йиғилганларга миннатдорчилик билдириб, Ғазога қарши бошқа ҳужумларга тоқат қилмаслигини айтди.

«Фаластинликлар билан бирдам бўлганингиз учун ҳар бирингизга миннатдорчилик билдираман. Ғазо секторида содир бўлаётган воқеалар учун юрагимиз эзилади. Биз Фаластиндаги ваҳшийликларга қарши чиқишда давом этамиз. Ғазо ўтмишда ватанимизнинг ажралмас қисми эди. Биз мазлумларни қўллаб-қувватлаш учун бу ерга келдик. Бу оммавий намойиш Ғазога қарши бошқа ҳужумларга тоқат қилмаслигимизни кўрсатади», деди у.

Эрдўған ҲАМАС ҳаракатини террорчи ташкилот эмаслигини таъкидлади, Исроилни эса «босқинчи» деди.

«ҲАМАС террор ташкилоти эмаслигини очиқ айтганимизда, Исроил хафа бўлди. Биз шундай муносабатда бўлишингизни билардик, лекин биз бу баёнотимизда собит турамиз. Биз фақат Ғазодаги ваҳшийликни қораламаймиз, келажагимизни ҳимоя қиламиз. Сен, Исроил, босқинчисан, сен истилочисан. Ғарб сизлардан қарздор, лекин Туркия сизга ҳеч қандай қарздор эмас», деди у.

Шу билан бирга, Туркия президенти Исроилни ҳарбий жиноятларда айблади ва ўт очишни тўхтатишга чақирди.

«Исроил 22 кун кетма-кет ҳарбий жиноятларни содир этди. Ғарб аёллар ва болаларни ўлдиришни қонунийлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Мен Ғарбдан сўрайман: Исроилни ҳужумларни тўхтатишга чақиришдан олдин қанча аёллар, болалар ўлиши керак? Исроил ташкил топганидан бери фаластинликларга кўп ҳужумлар уюштирди. Мен Исроилни мазлумларга гуманитар ёрдам кўрсатишга рухсат беришга чақирувимни такрорлайман. Ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги чақириқларимизни тингланг», деди у.

Бир кун аввал Эрдўған Туркия аҳолисини Фаластинни қўллаб-қувватловчи намойишга келишга чақирган эди. У аввалроқ ҲАМАС ҳаракатини «озодлик учун курашувчи» деб атади. Шунингдек, Исроилни Туркия билан муносабатларини нормаллаштириш жараёнида «яхши ниятни суиистеъмол қилганликда» айблаган эди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё