Агар Қўшма Штатлар Украинани қурол билан қўллаб-қувватлашни тўхтатса, Россия урушда ғалаба қозонади. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Сенатда гапирди. У Жо Байденнинг Украина, Исроил ва Тайваннинг хавфсизлик эҳтиёжлари учун 106 миллиард долларлик ёрдам сўрови муҳокама қилинаётган пайтда шу сўзларни айтди.
«Исроилда ҳам, Украинада ҳам демократик давлатлар ўзини йўқ қилмоқчи бўлаётган шафқатсиз душманларга қарши курашмоқда. Биз ҲАМАС ёки Путиннинг ғалаба қозонишига йўл қўймаймиз. Кафолат бераманки, агар Украинага ёрдамлашмасак, Путин муваффақиятга эришади. Агар ҳозир украиналикларнинг оёғи остидан гиламни тортиб олсак, Путин фақат кучаяди ва хоҳлаган нарсасига эришади», деди Остин.
Унинг таъкидлашича, узоқ йиллар давомида глобал хавфсизлик кўп жиҳатдан Украина ва Исроилдаги уруш натижасига боғлиқ бўлади. Остиннинг сўзларига кўра, фақат «Американинг қатъий раҳбарияти» «ҳамма жойда золимлар, диктаторлар ва террорчилар» кўпроқ тажовузкорлик қилишга интилмаслигини таъминлайди.
АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен унинг фикрига қўшилди ва 106 миллиард долларлик ёрдам пакети ҳеч қандай ҳолатда Украина, Исроил ва Тайван учун алоҳида пакетларга бўлинмаслиги кераклигини айтди.
«Агар биз бу пакетни қисмларга бўлсак, улар (Москва ва Теҳрон) бемаънилик қилаётганимизни тушунади ва тобора ҳамкорлик қилиб, хавфсизлигимиз, иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз хавфсизлигига таҳдид яратади», деди у.
Октябр ойи бошида Сенат Қўшма Штатларнинг муваққат бюджетини қабул қилди, ундан Украинага ҳарбий ёрдам учун харажатлар бутунлай олиб ташланди. Бу Украинага ёрдам беришга қатъиян қарши бўлган баъзи трампчи-республикачиларнинг позицияси туфайли содир бўлди.
Фаластин-Исроил можаросининг навбатдаги кескинлашуви бошланганидан сўнг, Жо Байден Украина, Исроил ва Тайванга ёрдамни бир пакетга бирлаштириш ва бу қарорни Конгресс орқали шу шаклда ўтказишни таклиф қилди. Режага кўра, улар Украинани ҳар қандай қўллаб-қувватлашдан маҳрум қилмоқчи бўлган, бироқ Исроилга ёрдам беришни истаган трампчиларнинг қаршилигини шундай енгиб ўтишни режалаштирган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг