22:28 / 01.11.2023
985

Маҳачқалъада оломон қўлига тушиб қолган асли ўзбек шифокор тафсилотларни айтиб берди

Маҳачқалъада оломон қўлига тушиб қолган асли ўзбек шифокор тафсилотларни айтиб берди

Фото: DILSHOT MAMADALIYEV
Москвалик юрак-қон томир жарроҳи бўлган Дилшот Мамадалиев 29 октябр куни кечқурун Маҳачқалъага учиб келганди — айнан аэропорт Тел-Авивдан рейс келаётганидан хабар топган ғазабнок оломон томонидан штурм қилинган паллада. Талончилар Дилшотни исроиллик деб ўйлашган ва уни сўроқ қилиб, паспортини олиб қўйишган. У BBC рус хизмати билан суҳбатда ўша оқшом бўлган воқеа тафсилотларини гапириб берди.

Дилшот Мамадалиев: «Самолёт Москвадан, Шереметеводан учди ва кечқурун соат еттида Маҳачқалага қўнди. Тел-Авивдан [Маҳачқалъага] халқаро рейс борлигини билмасдим ҳам.

У ерда икки терминал бор — ички ва халқаро рейслар учун. Мен ички рейслар қабул қилинадиган терминалга келдим ва юкларимни олдим. Атрофда мутлақо нормал вазият ҳукмрон эди, мен каби бошқа йўловчилар ҳам юкларини олиб, ўз йўлида, ўз хаёллари билан кетаётганди.

Мени олиб кетиш учун ҳайдовчи юборишганди, аммо кейин маълум бўлишича, у [аэропортга] кира олмаган, шу туфайли менга назорат-ўтказиш пункти томонга боришни тавсия қилишди. Хотиржам қадам ташлаб кириш эшиги томон юрдим, у ерда эса мени бир гуруҳ одамлар кутиб олди.

[Мени] ўраб олишди, қаердан учиб келганимни сўрашди. Мен Москвадан учиб келганимни айтдим. Сўзларимга ишонишмади, паспортни кўрсатишни сўрашди. Мен паспортни кўрсатдим, Смоленскда туғилганим, у ерда ўсганимни билдирдим. Чамадонда бирка бор эди, унда — «Шереметево аэропорти» кўрсатилганди.

Аммо [менга] негадир ишонишмади. Юзимдан шубҳаланишди шекилли, шунинг учун паспортим ҳақиқий ёки сохталигини текширишга киришишди.

[Бундан ташқари] мендан миллатим нималигини сўрашди. Мен ўзбек эканимни айтиб жавоб бердим. Бир киши мен ҳақиқий ўзбекманми ёки йўқлигини текширишга қарор қилди ва менга кўмиклар тилида (Доғистонда яшовчи халқ) гапирди. Бу ҳам турк тиллари гуруҳидаги тил ҳисобланади. Мен унга ҳеч нарса деб жавоб бера олмадим».

29 октябр куни тарқалган видеода Дилшот агрессив кайфиятдаги, баланд овозда гапираётган кишилар ўртасида тургани, атрофдагилар телефонлари камераларини унга қаратганини кўриш мумкин: «Нима сен ***** [алдамоқчимисан]?» «Чамоданини олинглар!».

Дилшот Мамадалиев: «Мен хавф сезмадим. Шунчаки мендан нима хоҳлашаётганини тушунмасдим. Табиийки, кескинлик бор эди. Одамлар менга танқидий кўз билан қарашарди — мени ҳужжатларини қалбакилаштирган деб ўйлашди. Аммо қандайдир ҳаддан ташқари тажовузга учрамадим».

Қайсидир паллада Мамадалиевни ўраб турган одамлардан бири «Унинг паспорти менда! Уни қўйиб юборамизми?» дейди ва «кейин ҳал қиламиз» дея паспортни оломондагиларга узатади. Худди шу вақтда баланд бўйли йигит одамлар орасига ёриб кириб, Дилшотни ажратиб олади ва оломондан нари олиб кетади. Бу ким бўлганини Дилшот ва унинг ҳамкасблари билмайди, аммо у полиция, ФХХ ёки аэропорт қўриқлаш хизмати ходими бўлганини тахмин қилишади.

Дилшот Мамадалиев: «Бу менимча, менинг қўриқчи фариштам эди. У мени ушлади ва шундай деди: «Кетдик, бу ерда қиладиган ишинг йўқ, яхшироқ жой бор».

Буларнинг барчаси беш, кўпи билан ўн дақиқа давом этди. Кейин менга бу одамлардан узоқроқ бўлганим маъқуллигини айтишди. Мен полиция ходимларидан паспортимни қайтариб олиб беришни сўрадим, улар айтишди: «Биз энди уни оломон орасидан излаб топа олмаймиз».

Мамадалиевнинг сўзларига кўра, воқеа жойида бўлган полиция ходимлари суҳбатга аралашмаган, аммо уни оломондан ажратишга уринган. Шундан кейин Дилшот паспорти йўқолгани тўғрисида ариза ёзиш учун аэропорт ҳудудидаги навбатчилик қисмига борган. Дилшотнинг ўзи ва уни Маҳачқалъага чақирган ҳамкасби Сабира Айдаеванинг сўзларига кўра, ўша куни кечқурун аэропорт ҳудудига полициячилар оқими давом этган ва Дилшотга «хавфсизлик нуқтайи назаридан» бўлимни тарк этмасликни тавсия қилишган.

Тунги соат учда, аэропорт ҳудудида намойишчилар қолмаганидан кейингина Мамадалиев бу ердан кета олган.

BBC мухбири билан суҳбат чоғида Дилшот бир неча бор ҳазиллашиб «намойишчилар уни илиқ қарши олгани, қучоқлашгани ва танишишгани», энди уни кўчадаги ўткинчилар ҳам, беморлар ҳам жуда яхши таниб қолишгани ва умуман олганда «қабул жуда самимий, ҳашаматли ва ажойиб [бўлгани]»ни айтган. Лекин унга паспортини ҳали қайтаришмаган.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё