Украина президенти Володимир Зеленский фронтдаги вазиятни боши берк кўчада деб ҳисобламайди. Аввалроқ, Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний шу мазмунда интервю берган эди. Зеленский унинг сўзларини рад қилди.
«Бу умидсиз вазият эмас. Россия осмонни назорат қилмоқда. Биз ҳарбийларимиз ҳаётини асраяпмиз. Россия ўз халқини «ем бўлиш» учун олдинга ташлаяпти, аммо биз бундай қилмоқчи эмасмиз... Буни қандай енгиш мумкин? F-16 самолётларини кутишимиз керак, йигитларимиз уни бошқаришни ўрганишини, кейин қайтиб келишини кутишимиз керак. Фронтда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими мавжуд бўлганда, ҳарбийлар олдинга ўтади ва техникадан фойдаланади», деди Украина президенти.
Зеленский 2022 йилда ҳамма Украина қўшинлари боши берк кўчага кириб қолганига ишонганини эслатди. «Бир нечта ҳарбий ҳийла ва Ҳаркив вилояти озод қилинди, буни эсга олишингиз мумкин», деди Зеленский.
«Таслим бўлишга ҳаққимиз йўқ. Муқобили нима? Давлатимизнинг учдан бир қисмини беришимиз керакми? Ахир бу фақат бошланиши бўлади-ку. Биз «музлатилган» можаро нима эканини биламиз, аллақачон ўзимиз учун хулосалар чиқарганмиз. Биз ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича ҳамкорларимиз билан кўпроқ ишлашимиз, осмонни тўсишимиз ва жангчиларимизга ҳужум операцияларини амалга ошириш имкониятини беришимиз керак», деди у.
Зеленский, шунингдек, Ғарб давлатлари ўзига босим ўтказаётгани, Россия билан музокара бошлашга мажбур қилаётганини рад этди.
«Менинг муносабатимни ҳамма билади, бу Украина жамиятининг муносабати билан мос келади. Бугун ҳеч ким менга босим ўтказмаяпти. Буларнинг барчаси уруш бошида ва урушдан олдин содир бўлган. Бугун Европа Иттифоқи ёки АҚШ раҳбарларидан ҳеч ким босим ўтказмаяпти. Биз ҳозир Россия билан ўтириб, гаплашиб, унга нимадир беришимиз – бу бўлмайди», деди у.
4 ноябр куни NBC телеканали манбаларга таяниб, АҚШ ва Европа Украина билан тинчлик музокаралари имкониятини муҳокама қила бошлагани ҳақида хабар берди. Суҳбатларда Киев Москва билан келишувга эришиш учун нималардан воз кечиши мумкинлиги ҳақидаги умумий тафсилотларга эътибор қаратилгани айтилди.
1 ноябр куни The Economist журналида Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг интервюси чоп этилди. Нашрнинг саволларига жавоб берар экан, у Россия билан уруш «боши берк кўчага кириб қолганини» ва Украинанинг ҳужуми позицион урушга айланиб қолишини, у кўп йиллар давом этиши мумкинлигини айтган эди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг