Италия бош вазири россиялик пранкерлар билан суҳбатда «кўплар Украинадан чарчагани»ни айтиб қўйди
Италия бош вазири Жоржия Мелони кремлпараст пранкерларнинг ҳийласига «лаққа тушиб» улар билан телефонда гаплашди. Мелони суҳбат давомида Европада кўпчилик Украинадан чарчагани ҳақида гапирган. Мелонининг руслар «қопқонига тушгани» муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
«Африкалик сиёсатчи» ниқобидаги руслар
Кремлпараст пранкерлар Вован (Владимир Кузнецов) ва Лексус (Алексей Столяров) ўзларини африкалик сиёсатчилар деб таништириб, Италия бош вазири Жоржия Мелони билан мулоқот қилиб, инглиз тилидаги суҳбат аудиосини тарқатиб юборди.
13 дақиқалик суҳбат пранкерларнинг саҳифасида 1 ноябр куни эълон қилинган. Суҳбат давомида Италия ва Европадаги миграцион инқироз, ғалла битими ва Россиянинг Украинага босқини муҳокама қилинган.
Сохта сиёсатчилардан бири суҳбат давомида Мелонидан Украина ва Россия ўртасидаги можаро ҳақида қандай фикрда эканини сўраган.
«Биласизми, кўпчилик Украинадан чарчади. Тўғрисини айтадиган бўлсам, биз ҳамма бу вазиятдан чиқиш кераклигини англайдиган ҳолатга яқинлашяпмиз. Икки томонга ҳам манфаатли, ўз навбатида халқаро ҳуқуққа зид бўлмаган тарзда вазиятдан чиқиш керак. Бу борада ўз фикрларим бор, вақти келганда уларни билдираман», деган Италия бош вазири.
Суҳбатдошлар Мелонидан Украина муваффақиятга эришгани ёки йўқлиги ҳақида сўрашган.
«Украина барчамиз баҳорда кутганимиз каби муваффақиятли бўлиб чиқмади. Украина қарши ҳужуми, афтидан, кутилганидек кетмаяпти. У давом этмоқда, лекин можаро тақдирини ўзгартирадиган даражада эмас. Агар биз чиқиш йўлини топмасак, можаро узоққа чўзилиши мумкин», деган Италия етакчиси.
Италия бош вазирининг гаплари тезда нафақат рус нашрларида, Италия газеталарида ҳам тарқалди. Мамлакатнинг етакчи нашрларидан бири Corriera della Sera'нинг ёзишича, бу суҳбатда ноодатий ҳеч нарса йўқ ва Мелони шундоғам аввал айтган позициясини такрорлаган. Жоржия Мелони бошқарадиган «Италия биродарлари» партиясининг депутатлар палатасидаги етакчиси Томаззо Фоти ҳам бош вазир ҳеч қанақа тузоққа тушмагани, россияликлар билан суҳбатда кейинчалик ноқулай аҳволда қоладиган ҳеч нима демаганини айтган. Унинг фикрича, Мелони хоним шунчаки ўз позициясини такрорлаган.
«Орбан билан бир қаторда»
Италия бош вазирини кўп танқид қиқладиган Affaritaliani нашрига кўра эса Мелони Украина бўйича айтган гаплари орқали ўзини Венгрия ҳукумати раҳбари Виктор Орбан ва Словакиянинг янги бош вазири Роберт Фицо билан бир даражага тушириб қўйган. Нашрда ёзилишича, Мелонининг россиялик фирибгарлар билан суҳбати Италиянинг «Катта еттилик» давлатлари, хусусан АҚШ билан муносабатларига салбий таъсир қилиши мумкин. Ахир Жо Байден кўп марта Ғарб Украинага қанча керак бўлса, шунча ёрдам бериши ҳақида гапирган.
Италия бош вазирининг дипломатик маслаҳатчиси Франческо Талонинг офисига кўра, россиялик фирибгарлар Италия етакчиси билан 18 сентябр куни гаплашган. Суҳбат 19-21 сентябр кунларидаги БМТ Бош ассамблеяси арафасида «Италия ҳукуматининг африкалик лидерлар билан мулоқотини кучайтириш» мавзусида ўтказилган.
«Италия ҳукумати дипломатик маслаҳатчиси офиси ўзини Африка кенгаши комиссияси президенти деб таништирган фирибгарлар билан мулоқот ўтказилганидан афсусда», дейилади офис баёнотида. Унда Италия томони бу пранк бўлгани ҳақида қачон хабар топгани айтилмаган.
Corriera della Sera'нинг ёзишича, бу баёнотдан ноқулай ҳолат учун масъулиятни Мелонининг маслаҳатчиси Тало ўз гарданига олгандек таассурот уйғонади. Нашрга кўра, Франческо Тало бу иш ортидан истеъфога чиқмоқчи. Affaritaliani нашри Жоржия Мелони бу суҳбат пранк эканини билгач, қаттиқ асабийлашгани, тез орада суҳбатга жавоб берганлар борасида жиддий қарор қабул қилишини ёзган.
Россиялик фирибгарлар Кузнецов ва Столяровнинг La Pressa нашри билан суҳбатда айтишича, улар италиялик мулозимларга телефон рақамларини қолдирганидан кейин Мелонининг ўзи уларга телефон қилган. Улар Италия бош вазири билан суҳбатлашишга қандай эришгани ҳақида гапиришни истамаган. Шунингдек, фирибгарлар Кремл ва Россия ҳукумати билан алоқаларини ҳам рад этган. Уларнинг фикрича, Мелонининг ҳимоячилари учун икки пранкер Италия бош вазири хавфсизлик тизимини бузиб ўтганини айтгандан кўра бу махсус хизматлар иши бўлгани ҳақида гапириш қулай.
Украинада Мелони хонимнинг гапларига муносабат билдиришмаган. Италияда эса нафақат унинг айтган гаплари, балки Италия бош вазири хавфсизлиги борасида муаммолар кенг муҳокама қилинмоқда. Италия мухолифатида россиялик фирибгарлар билан суҳбат мамлакатни шарманда қилганини айтишмоқда.
«Италия ва Жоржия Мелони учун қандай шармандалик. Кижида (Римдаги Италия бош вазири қароргоҳи) бир неча йил ишлаган одам сифатида Италия ва Мелонини кулгига қўядиган бундай ишгача қандай етиб бориш мумкинлигига ҳайрон қоляпман», деган «Вива Италия» партияси етакчиси Маттео Ренци.
Италия собиқ бош вазири ва «Беш юлдуз ҳаракати» партияси етакчиси Жузеппе Конте бош вазир протоколи бу қадар осон алданганини эшитиб ноқулай аҳволга тушганини айтди.
«Мелони африкалик юқори мартабали мулозим билан гаплашяпман деб ўйлаб аслида россиялик фирибгарлар билан гаплашган ва биз учун жуда нозик масала бўлган мигрантлар ва уруш ҳақида давлат позициясни ошкор қилган. Жуда жиддий хато», деб ёзган Конте ўз саҳифасида.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг