09:31 / 09.11.2023
214

Зеленский: Украинада ҳужумни давом эттириш режаси бор

Зеленский: Украинада ҳужумни давом эттириш режаси бор
Фото: president.gov.ua

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг таъкидлашича, бу йил узоқ давом этган қарши ҳужумга ва Ғарб эътибори Яқин Шарқдаги можарога қаратилганига қарамай, мамлакатда келаси йил ўз ҳудудларини қайтариб олиш бўйича «жуда аниқ режа» бор. У 8 ноябр, чоршанба куни Ню-Йоркдаги Reuters Next конференциясида онлайн тарзда нутқ сўзлаб: «Бизнинг мақсадимиз бор, қайси йўналишда ҳужум қилишимизни аниқ биламиз», деди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина армияси жорий йил охиригача натижа кўрсатишга ва муваффақиятга эришишга ҳаракат қилади. «Аммо биз ҳар куни одамларни йўқотяпмиз. Бу - шоу ёки кино эмас. Биз дунёда ҳаммани ажаблантирмоқчи эмасмиз. Лекин бир кун ҳам бой бермаслик учун ўзимиз ҳаракат қилишимиз керак», - дея таъкидлади у. Зеленский 2024 йилги режанинг тафсилотларини ошкор қилмади.

Украина президенти мамлакат жанубида, шунингдек, шарқдаги қатор ҳудудларда суст ўзгаришлар кузатилаётганини қайд этди. «Ишончим комилки, муваффақиятга эришамиз. Бу қийин», - дея қўшимча қилди у. Шу билан бирга, у бир қатор «ёқимсиз кутилмаган ҳодисалар», хусусан, хорижий парламентлардаги инқирозлар ва хорижий иттифоқчилар томонидан секин қарор қабул қилишини эслатиб ўтди. «Аскарларимиз жанубга келиб, кўплаб миналаб қўйилган майдонларни кўрди, чунки биз етти ойдан бери ўқ-дориларни кутдик», деб куйинди у.

«Тинчлик формуласи - догма эмас»

Украина президентининг сўзларига кўра, Киев ҳали Россия билан қандайдир муросани муҳокама қилишга тайёр эмас, Москва эса урушни фақат Украинанинг халқаро тан олган ҳудудидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш орқали тугатиши мумкин. Унинг таъкидлашича, агар Украина ҳудудлари можарони ҳал қилишда муроса маркази бўлса, бу бошқа минтақалар ва бошқа қитъалар учун прецедентга айланиши мумкин.

Зеленский Россия билан ҳарбий можарони ҳал этишда ўзи таклиф қилган, 10 банддан иборат тинчлик формуласидан четга чиқишга тайёрлигини билдирди. «Бу догма эмас», деб таъкидлади у ва Киев ҳамкор мамлакатларнинг бошқа ғоялари учун очиқлигини айтди.

«Ислоҳотлар нафақат Европа Иттифоқига қўшилиш, балки Украинанинг ўзи учун ҳам зарур»

Еврокомиссиянинг кеча эълон қилинган Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокараларни бошлашни тавсия қилган қарорига изоҳ бераркан, Зеленский Украина учун «муваффақиятли кун» ҳақида эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, Украинадаги ислоҳотлар нафақат ЕИга кириш учун, балки Украинанинг ўзи учун ҳам зарур. «Биринчидан, биз буни ўзимиз учун қиламиз, бизга керак», деди у.

Шу билан бирга, Зеленский Украина коррупциядан холи мамлакатни қайта тиклашни кафолатлай олишига ишонч билдирди. Киев расмийлари коррупцияга қарши курашда аллақачон ютуқларга эришди, дейди у. Бошқа нарсалар қаторида, у коррупцияга қарши курашувчи прокурор лавозимини ташкил этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини эслатди ва унинг тез орада парламент томонидан қабул қилинишига умид билдирди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё