12:20 / 11.11.2023
228

Германия Киевга 20 млрд евролик ёрдам кўрсатилишига қарши

Фото: Reuters

Европа Иттифоқидаги айрим давлатлар Брюсселнинг Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун 20 миллиард евро сарфлаш тўғрисидаги режасига қаршилик билдирмоқда. Бу ҳақда Reuters дипломатларга таяниб хабар берди.

Август ойида Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жосеп Боррел Киевга 2024-2027 йиллар давомида 20 миллиард евро — ҳар йили 5 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича фонд яратиш таклифини билдирганди. Аммо агентлик суҳбатдошларининг сўзларига кўра, 14 ноябрь куни ўтказиладиган Евроиттифоққа аъзо давлатлар мудофаа вазирлар учрашувидан олдин қатор давлатлар, жумладан, Германия ҳам тўрт йил олдиндан бу каби катта маблағнинг ажратилишига шубҳасини билдирган.

“Германия томонида саволлар кўп ва бунга ҳақи бор. Биз катта пуллар ҳақида гапирямиз”, — дейди ЕИнинг юқори мартабали дипломати.

Европа Иттифоқининг бошқа қатор давлатлари ҳам ички бюджет қисқартирилгани ҳисобига узоқ муддатли бундай мажбуриятни зиммасига олиш қийинчилик туғдириши ҳақида гапирмоқда. Уч нафар дипломатнинг сўзларига кўра, Евроиттифоқ охир-оқибат фақат олдиндан бир йилга маблағ ажратиш қарорига келиши мумкин.

Аввалроқ Politico нашри уч европалик дипломатга таяниб, Европа Иттифоқи Украина билан унинг иттифоққа кириши бўйича музокаралар бошлангани ҳақида декабрь ойида расман эълон қилмоқчилигини хабар қилганди. 8 ноябрь куни Еврокомиссия Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларга тайёрлиги ҳақидаги ҳисоботини тақдим этди. Еврокомиссия Украина ва Молдова билан иттифоққа қўшилиш бўйича қатор шартлар асосида музокараларни бошлашни тавсия қилган.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё