«Ҳарбий мухбир» Татарскийни портлатиб юборишда айбланган Даря Трепова судда айбини тан олмади
Санкт-Петербургда 15 ноябр, чоршанба куни 2023 йил апрелида шаҳар кафеларидан бирида юз берган портлаш иши бўйича суд бошланди, унда уруш тарафдори бўлган блогер Владлен Татарский (ҳақиқий исми Максим Фомин) ҳалок бўлганди.
2-Ғарбий ҳарбий округ судининг биринчи сайёр мажлисида судланувчи Даря Трепова «террорчилик ҳаракати» ва «портловчи қурилмаларнинг ноқонуний айланмаси» моддалари бўйича ўз айбини тан олмаслигини ва аввал берилган кўрсатмалари тўғри эканини айтди, деб ёзади «Фонтанка» суд залидан. Трепова «ҳужжатларни қалбакилаштириш» моддаси бўйича ўз айбини тўлиқ тан олган.
Судда айблов хулосаси ўқиб эшиттирилди. Тергов маълумотларига кўра, 2023 йил 2 апрелда Трепова Украинадан келган кураторлар кўрсатмаси билан Street Food Bar № 1 кафесига портловчи моддалар билан тўлдирилган ҳайкалчани олиб келиб, «ҳарбий мухбир» Татарскийга топширган. Портлашда Татарский ҳалок бўлди, 52 киши яраланди. Россия Тергов қўмитаси маълум қилишича, ишда 85 киши жабрланувчи сифатида қайд этилган.
Трепованинг шериги деб тахмин қилинган шахс айбини қисман тан олди
Квартирасида Трепова қўлга олинган Дмитрий Касинцев ҳам суд олдида жавоб берди. У «жиноятни яшириш»да айбланмоқда ҳамда айбини қисман тан олди, лекин жиноят қандай таснифлангани билан рози эмас - дастлаб у «жиноят ҳақида хабар бермаслик»да гумон қилинган, аммо кейин айблов кучайтирилган.
Касинцев уй қамоғида, Трепова эса - тергов изоляторида. Суд иш бўйича навбатдаги мажлисни 17 ноябрга белгилади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг