1995 йилги «Олтин тўп» соҳиби Жорж Веа Либерия президенти сайловида ютқазди. France24 хабарига кўра, Веа рақиби Жозеф Бокайдан 28 минг кам овоз тўплади. Шундан сўнг, сайловда мағлубиятга учраганини тан олиб, баёнот билан чиқди.
«Либерия халқи ўз танловини амалга оширди. Бироқ, овоз бериш натижаларининг бир-бирига жуда яқинлиги мамлакатимиз ичида чуқур бўлиниш борлигидан далолат беради. Келинг, келишмовчиликларимизни енгиб, бир халқ, бир миллат сифатида бирлашайлик», деди Веа.
Футболдаги профессионал фаолияти давомида Веа «Монако», «Пари Сен-Жермен», «Милан» ва бошқа жамоаларда ўйнаган. У дунёнинг энг яхши футболчисига топшириладиган «Олтин тўп»ни қўлга киритган ягона африкаликдир.
Футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг, Веа инсонпарварлик ва сиёсий фаолият билан шуғулланди. 2005 йилда Либерия президентлигига номзодини қўйди. Аммо иккинчи турда Африка тарихидаги биринчи аёл президент бўлган 67 ёшли Ҳелен Жонсон Серлифга ютқазди.
2017 йилда иккинчи марта сайловда иштирок этиб, Жозеф Бокайга қарши курашда ғалаба қозонди ва Либериянинг 25-президенти бўлди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг