date
views 293

Ироқ ва Суриядаги америкалик ҳарбийлар ракета ва дронлар ҳужумига учради

Фото: U.S. Army

23 ноябрь куни Ироқ ва Суриядаги Америка қўшинларига ракеталар ва жанговар дронлар ёрдамида тўрт марта ҳужум уюштирилди. Қурбонлар ва вайроналар йўқ, деб хабар бермоқда Reuters америкалик ҳарбий амалдорга таяниб.

Манбанинг сўзларига кўра, Сурия шимоли-шарқидаги иккита объектда жойлашган АҚШ ва халқаро кучлар вакилларига ракеталар ва дронлар билан ҳужум қилинган.

Ироқда эса бир нечта учувчисиз учоқлар Бағдод ғарбидаги Айн ал-Асад авиабазасига қарата отилган. Шунингдек, Ироқ шимолидаги Эрбил аэропорти яқинида АҚШ кучлари жойлашган база томонга дрон учиб келган.

Ўзини Ироқдаги Исломий қаршилик деб атайдиган гуруҳ ушбу объектларга уюштирилган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Ҳужумлар АҚШ Бағдод жанубидаги “Ҳизбуллоҳ” позицияларига зарба берганидан бир кун ўтиб содир бўлди: ҳужумда гуруҳнинг саккиз нафар аъзоси ўлдирилгани айтилганди. Ироқ ҳукумати ҳужумни эскалация ва суверенитетнинг бузилиши сифатида қоралади.

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш бошланганидан кейин қуролли гуруҳлар АҚШ ва халқаро кучларни нишонга олишни кучайтирди. 23 ноябрь ҳолатига кўра, Ироқда 36 та, Сурияда 37 та ҳужум қайд этилган. Ҳужумларга жавобан АҚШ Эронга алоқадор деб ҳисобланган гуруҳларга зарба берди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ироқ ва Суриядаги америкалик ҳарбийлар ракета ва дронлар ҳужумига учради