14:24 / 28.11.2023
228

Нидерландияда популистнинг коалиция тузишга уриниши муваффақиятсизликка учради

Нидерландияда популистнинг коалиция тузишга уриниши муваффақиятсизликка учради

Фото: Piroschka van de Wouw/REUTERS

Нидерландияда муддатидан олдин парламент сайловларида ғалаба қозонган ўта ўнгчи сиёсатчи Герт Вилдерснинг ҳукумат коалициясини тузишга бўлган биринчи уриниши муваффақиятсизликка учради. 27 ноябр, душанба куни Гом ван Стрин истеъфога чиқди, унга «Озодлик партияси» (PVV) раҳбари томонидан бошқа сиёсий кучлар билан биринчи маслаҳатлашувларни ўтказиш топшириғи берилганди.

Ўтган ҳафта охирида PVV’дан сенатор ван Стринга нисбатан коррупция гумонлари ҳақида маълум бўлди. 27 ноябр куни у ўнг марказчи «Озодлик ва демократия учун халқ партияси» (VVD) раҳбари Дилан Йешилгёз-Зегериус билан учрашиши керак эди. VVD раҳбарияти ўта ўнглар билан коалиция тузиш имкониятини рад этди, бироқ озчилик ҳукуматини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Яна бир ўнг марказчи куч - 2023 йилда собиқ «Христиан-демократик чақириқ» (CDA) аъзоси Питер Омциг томонидан асос солинган «Янги ижтимоий шартнома» партияси Вилдерс учун коалиция бўйича эҳтимолий ҳамкори ҳисобланади  Шу билан бирга, Омциг радикал позициялари туфайли Вилдерс билан ишлаш қийин бўлишини айтди. Коалиция тузиш бўйича музокаралар сиёсий ҳолатнинг тарқоқлиги туфайли бир неча ойга чўзилиши мумкин.

Нидерландиядаги сайловларда ўнг популистлар ғалаба қозонди

22 ноябр куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари парламент сайловларида ўнг популистлар ишончли ғалаба қозониб, парламентдаги 150 ўриндан 37 тасини қўлга киритди. Шу билан бирга, ҳукумат тузиш учун Вилдерс бошқа партиялар билан коалиция тузиши керак бўлади. «Озодлик партияси» етакчиси сайловлар олдидан ўнг марказчи VVD билан коалиция музокараларига тайёр эканини айтган эди. Бу партиянинг янги раҳбари, курд қочқинлар оиласидан бўлган Дилан Йешилгёз-Зегериус мамлакат тарихидаги биринчи аёл бош вазир бўлиш имкониятига эга.

2023 йил июл ойида Нидерландия бош вазири Марк Рютте вазирлар маҳкамаси истеъфога чиқишини эълон қилди, бу эса муддатидан олдин сайловлар ўтказилишига сабаб бўлди. Истеъфога Рюттенинг мамлакат миграция сиёсатини қатъийлаштириш таклифи сабаб бўлди, уни Нидерландия ҳукумати коалициясида иштирок этаётган тўртта партиядан иккитаси қўллаб-қувватламади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё