Чехия президенти Петр Павел Ғарбни муваффақиятсизликка йўл қўймаслик учун Украинага ўз ҳудуди устидан назоратни тиклаши учун зарур бўлган ҳамма нарсани беришга чақирди. Бу ҳақда у 27 ноябр куни эълон қилинган Италиянинг Corriere della Sera газетасига берган интервюсида маълум қилди.
«Бизда Украинага суверенитет ва чегараларни назорат қилиш миссиясини бажаришда муваффақият қозониши учун зарур бўлган ҳамма нарсани беришдан бошқа иложимиз йўқ: бундан ками бизнинг муваффақиятсизлигимиз бўлади», деди Павел. Унинг фикрича, Россиянинг ғалабаси Европа учун келажакда «нохуш оқибатларга» олиб келади. «Бу уларнинг ўз мақсадларига куч билан эришиши мумкинлиги ҳақидаги тасаввурларини кучайтиради ва дунёдаги барча режимларни Ғарб демократиялари заифлигига таянишга ундайди», — деди Павел.
Чехия президенти ва НАТО собиқ генералининг сўзларига кўра, Россия аллақачон ўз саноатини ҳарбий режимга ўтказишга муваффақ бўлган, анча катта калибрли ўқ-дорилар ва танклар ишлаб чиқармоқда, кўпроқ аскарларни жалб қилмоқда, шунингдек, бир қатор давлатлар билан қурол-яроғ етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бормоқда. «Агар биз Украинани қўллаб-қувватлаш имкониятини қўлдан бой берсак, келаси йил Москва учун янада қулайроқ бўлиши мумкин. Бу йил муваффақият пойдеворини қўйиш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга, келаси йил янада қийин бўлади», - деди Павел.
Павел: биз қурол етказиб бериш ҳақидаги ваъдамизни бажармадик
Ғарб ҳамкорларидан Киевга ҳарбий техника етказиб бериш ҳажми Украинанинг юқори интенсив операцияни давом эттириши учун етарли эмас, деди Павел. «Биз украиналикларни артиллерия ўқ-дорилари билан таъминлаш бўйича ваъдамизни бажармадик, F-16 машғулотлари керакли даражада тез амалга оширилмаяпти», деди Чехия президенти.
Унинг сўзларига кўра, Буюк Британиядан узоқ масофага учишга мўлжалланган Storm Shadows ракеталари ва Франциядан шунга ўхшаш ракеталарни олганидан сўнг, Украина Германиянинг Taurus’ини олишини кутганди, бироқ Германия расмийлари ҳали бундай қарорга келмаган.
«Бу етказиб беришда номутаносибликни келтириб чиқаради, Украина томонидаги ноаниқлик эса ҳарбий режалаштириш учун яхши асос эмас», деб тушунтирди Павел. Унинг сўзларига кўра, Украинада жорий қиш «ўта оғир» бўлади, чунки мамлакат ўтган қишда вайрон қилинган инфратузилмани тўлиқ тиклай олмади. «Бу аҳоли учун қийин бўлади ва ҳозирда Украинани қўллаб-қувватлаётган мамлакатларнинг қатъиятсизлигини ҳисобга олсак, умидсизлик ҳисси кучаяди», деб ҳисоблайди Павел.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг