Россия президенти Владимир Путин 14 декабр куни жонли эфирда россияликлар саволларига жавоб беради, шунингдек, ОАВ учун катта матбуот анжумани ўтказади. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
«14 декабр куни Владимир Путин йил якунларини сарҳисоб қилади. Бу ТВ дастур кўринишида бўлади ва жонли эфирдаги мулоқот билан якуний матбуот анжуманининг бирлашган формати шаклида ўтказилади», деди Песков.
Дастур «Владимир Путин билан йил якунлари» деб номланади ва унинг таҳририяти Умумроссия халқ фронти (УХФ) бош қароргоҳида жойлашади.
«Маълумки, «жонли мулоқот» аниқ вақт билан чегараланмаган. Бу ўзига хос хусусиятга эга бўлган жуда узоқ ва мазмунли тадбир», деди Кремл вакили журналистларнинг тадбир давомийлиги ҳақидаги саволига жавоб берар экан.
Песков сўзларига кўра, россияликлардан саволлар 1 декабрдан қабул қилинади. Бу йил буни УХФ ходимлари амалга оширади. Тадбирда россиялик журналистлар, шунингдек, «аккредитациядан ўтган ва Москвада фаолиятини давом эттираётган» хорижий нашр ходимлари иштирок этади», деб қўшимча қилди Кремл вакили.
2022 йилда Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётлари фонида Путиннинг «жонли мулоқоти» ва катта матбуот анжумани ўтказилмади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг