БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича ҳар йили бўладиган халқаро конференциялари ташкилотнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳадли конвенцияси асосида ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси БМТнинг ушбу ҳадли конвенциясига 1993 йилда қўшилган, 2018 йилда Париж битими иштирокчиси бўлган.
Ҳар йиллик конференцияларда конвенцияга қўшилган ва кузатувчи давлатлар расмийлари иқлим ўзгаришига қарши курашда эришилган ютуқ ва камчиликларни муҳокама қилади, шунингдек, ривожланган давлатларнинг иссиқхона газларини қисқартириш бўйича ҳуқуқий мажбуриятлари бажарилишини кўриб чиқади.
Бу йилги саммит Дубайда бўлиб, унда 140 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этади ва 1–2 декабр кунлари бўладиган тадбирларда сўзга чиқади. Бугун, 1 декабр кунги тадбирлар маҳаллий вақт билан соат 14:00да (Тошкент вақти билан 15:00) Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Муҳаммад бин Зайид ол Наҳаёяннинг нутқи билан бошланади.
Конференцияда Осиёдан мезбон мамлакат БАА президентидан ташқари, Марказий Осиёнинг бешта республикаси, Туркия, Озарбойжон, Миср, Фаластин ва Исроил президентлари, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси, Қатар амири, Иордания ва Баҳрайн қироллари, Япония, Покистон ва Арманистон бош вазирлари ва бошқалар иштирок этади.
Ғарб давлатларидан Буюк Британия, Германия, Италия, Нидерландия, Дания, Белгия, Чехия, Норвегия ва Португалия бош вазирлари, Франция, Швейцария, Испания, Австрия, Венгрия, Словакия, Сербия, Полша, Украина, Эстония ва Бразилия президентлари, шунингдек, Европа Кенгаши ва Европа Комиссияси президентлари иштирок этади.
30 ноябрдан бошланган конференция иши 12 декабргача давом этади. Шундан 1–2 декабр кунлари 141 та давлат ва ҳукумат раҳбари 3 дақиқадан ошмайдиган нутқ билан чиқиш қилади. Улар орасидан АҚШ ва Россия расмийлари ўрин олмаган. Хитой раиси номидан эса унинг махсус вакили сўзга чиқиши кутилмоқда.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Дубайга 30 ноябр куни етиб борди. Давлат раҳбари ялпи сессияда нутқ сўзлашдан ташқари, 1-2 декабр кунлари хорижий мамлакатларнинг давлат ва ҳукуматлари, халқаро ташкилотлар ва етакчи компаниялар раҳбарлари билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказиши ҳам кўзда тутилган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг