17:09 / 06.12.2023
588

Россияда Украина ҳужумини қайтармаганлик учун биринчи ҳукм чиқарилди

Россияда Украина ҳужумини қайтармаганлик учун биринчи ҳукм чиқарилди

Фото: AP

Россияда Украина Қуролли кучларининг (УҚК) кутилмаган ҳужумини қайтара олмаганлик бўйича биринчи ҳукм чиқарилди. Москва шаҳридаги 2-Ғарбий округ ҳарбий суди 5 декабр, сешанба куни подполковник Анатолий Бондарев ва майор Дмитрий Дмитраковни «Россия Федерацияси ҳудудига тўсатдан ҳужумни қайтариш» бўйича жанговар бурч қоидаларини (РФ Жиноят кодексининг 340-моддаси 2-қисми) бузганликда айбдор деб топиб, тўрт йилга озодликдан маҳрум қилди.

Россия оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, суд Бондарев ва Дмитраковга «РФ Жиноят кодексининг 340-моддасида назарда тутилган санкцияларнинг тўлиқ ҳажмини» қўлламаган, бунинг учун максимал жазо - ўн йилгача озодликдан маҳрум этиш. Ҳарбийлар тергов пайтида бир ярим йилдан ортиқ вақт жазо муддатини ўтаб бўлган, шунинг учун улар тез орада шартли равишда озодликка чиқиши мумкин.

Ҳужумни қайтара олмаслик бўйича иш

Бондарев ва Дмитриковга нисбатан иш 2022 йилнинг баҳорида Белгород вилоятида Украина Қуролли кучлари томонидан берилган ракета зарбасидан кейин қўзғатилган. Ўшанда Харкив вилоятидан «Точка-У» ракеталар билан Старая Нелидовка қишлоғи яқинидаги ўқ-дорилар омбори ва жиҳозларига зарба берилди. Портлашлар ва ёнғинлар натижасида 7 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлди, яна 43 нафари яраланди. 15 дона техника бутунлай вайрон бўлди, яна 30 таси жиддий зарар кўрди, зарар 90 миллион рублни ташкил этди.

Бондарев ва Дмитраковнинг иши ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиқилди. Ҳарбийлар айбини тан олмади. Суд уларни офицерлик унвонларидан маҳрум қилмади, шунинг учун улар озодликка чиққандан кейин армияга қайтиши мумкин.

«Коммерсант» буни Украина Қуролли кучларининг Россия ҳудудига кутилмаган ҳужумини қайтара олмаганлик учун чиқарилган биринчи ҳукм деб атади. Нашр манбаларининг таъкидлашича, бу иш охиргиси эмас, Украинадан ҳар бир «учиб келган ракета» учун терроризм бўйича жиноий ишлар қўзғатиляпти. Агар ракеталар ва учувчисиз учоқлар уриб туширилмаган бўлса, Россия ҳарбийлари бепарволик ҳолати бўйича текшириляпти (РФ Жиноят кодексининг 293-моддаси). «Коммерсант» суҳбатдошлари бундай ишлар бўйича гумонланувчи ва судланувчилар ҳақида ҳали эшитмаганини таъкидлади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё