Болгария парламенти 8 декабр, жума куни бўлиб ўтган йиғилишда мамлакат президенти Румен Радев томонидан зирҳли техникаларни Украинага текин топшириш бўйича келишувга қўйилган ветони енгиб ўтди. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, 162 депутат ветони бекор қилишни ёқлаб овоз берган, 55 нафари эса қарши чиққан.
Киевга 100 дона Болгария зирҳли транспортёрларни тақдим этиш бўйича келишув Болгария Ички ишлар вазирлиги ва Украина Мудофаа вазирлиги томонидан август ойида имзоланган ва 22 ноябр куни мамлакат парламенти томонидан ратификация қилинган эди. Бироқ 4 декабр куни Радев вето қўйиб, техника Болгариянинг ўзи учун, масалан, чегарани ҳимоя қилиш ёки табиий офатларга қарши курашда фойдали бўлиши мумкинлигини айтди.
Украина учун янги ёрдам пакети
8 декабр куни бўлиб ўтган алоҳида овоз беришда Болгария парламенти Украинага қўшимча ҳарбий ёрдам кўрсатишни маъқуллади. Бу қарорни 147 депутат қўллаб-қувватлади, 55 депутат қарши чиқди, яна 7 нафар депутат бетараф қолди.
Унда Киевга носоз ёки Болгария армияси учун кераксиз бўлган кўчма зенит-ракета комплекслари (КЗРК) ва зенит ракеталари юборилиши назарда тутилган. Болгария, шунингдек, украиналик учувчиларни F-16 қирувчи самолётларида ўқитишда иштирок этади.
Зеленский Болгарияга миннатдорчилик билдирди
Украина президенти Володимир Зеленский Болгария парламентига Киевга зирҳли транспортёрлар ва янги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этгани учун миннатдорчилик билдирди. «Ушбу қарор билан биз Европани ва эркинлик ҳимоясини мустаҳкамлаймиз», — деб ёзди Зеленский X ижтимоий тармоғида.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг