13:05 / 13.12.2023
132

Байден Киевга 200 млн доллар ёрдам кўрсатишни маъқуллади

Байден Киевга 200 млн доллар ёрдам кўрсатишни маъқуллади

Фото: REUTERS/Leah Millis

АҚШ президенти Жо Байден Украинага 200 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тасдиқлади. Бу ҳақда Байденнинг ўзи 12 декабр, сешанба куни Оқ уйнинг Овал кабинетида Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашувда маълум қилди. Бундан ташқари, Америка президенти АҚШ Конгрессини Украинага 60 миллиард доллардан ортиқ ёрдам пакетини кейинги блоклаш эҳтимоли бўйича қаттиқ огоҳлантирди. Конгрессменлар ушбу ёрдамни рождество таътилига чиқишдан олдин маъқуллашлари керак, акс ҳолда улар Владимир Путинга «энг катта рождество совғасини» тақдим этадилар, деди Байден. Шу билан бирга, у Зеленскийга: «Умидингизни йўқотишингизни хоҳламайман», деди.

Зеленский: Украина АҚШнинг янги ёрдами йўқлигига қарамай ғалаба қозониши мумкин

Ўз навбатида, Украина президенти Байденга Конгресс Киевга янги ёрдам кўрсатишни тўсиб қўйган бўлса-да, унинг мамлакати ҳали ҳам Россияга қарши урушда ғалаба қозониши мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Киев ёрдамга камроқ боғлиқ бўлиб бормоқда ва Украина қўшинлари «Украина ғалаба қозона олишини ҳар куни исботламоқда». У АҚШнинг Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлашдаги ёрдамини олқишлади.

Айни пайтда, Сенатдаги республикачилар етакчиси Митч Макконнел Конгресснинг рождество олдидан 60 миллиард долларлик ёрдам пакетини қабул қилиши, ҳатто яқин кунларда келишувга эришилган тақдирда ҳам, «деярли имконсиз» эканини айтди.

Зеленский сенаторлар билан учрашди

Аввалроқ Зеленский АҚШга ташрифи чоғида АҚШ Сенати аъзолари билан ёпиқ эшиклар ортида учрашган ва уларни Украинага қўшимча маблағ ажратишни маъқуллашга чақирган эди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Сенатидаги учрашув «дўстона ва самимий» ўтди. Бу «Украинанинг мустақиллик, эркинлик ва демократия учун курашда қўллаб-қувватланишининг муҳим тасдиғидир», деб ёзди Володимир Зеленский Telegram-каналида. Унинг сўзларига кўра, у сенаторларга Украинадаги хавфсизлик ва иқтисодий вазиятни баён қилган ва «Американинг ҳаётий ёрдамини сақлаб қолиш» зарурлигини таъкидлаган.

Ўз навбатида, Сенатдаги Демократик партия етакчиси Чак Шумер сенаторларнинг Зеленский билан учрашувини «жуда кучли» деб атади. Унинг сўзларига кўра, Украина раҳбари ўз мамлакатининг эҳтиёжлари ва АҚШдан Украинага эҳтимолий ёрдам вариантларини «муфассал тушунтириб берган», шунингдек, бу ёрдам Киевнинг ғалаба қозонишига қандай ёрдам бериши мумкинлигини айтган. «Агар у керакли ёрдамни олса, ғалаба қозонади», - дея Шумер сўзларини келтирган CNN. Сенатдаги демократлар етакчиси, агар Украина мағлуб бўлса, Россия президенти Владимир Путин ғалаба қозонишини ва «бу Қўшма Штатлар учун жуда ва жуда хавфли» эканини таъкидлади.

АҚШ Конгресси ҳозирча Киевга кўмак учун қўшимча маблағ ажратишни маъқулламади

Октябр ойида Байден Конгрессга Украинага бир йилга 61,4 миллиард доллар, шунингдек, Исроил мудофаасини мустаҳкамлаш учун 14,3 миллиард доллар миқдорида молиявий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Қонун чиқарувчилар бу маблағни ажратиш бўйича ҳалигача келишолмаган.

Агар АҚШ Конгресси Киевга ёрдам учун қўшимча маблағ ажратишни маъқулламаса, Вашингтонда жорий йил охиригача Украинага қурол ва жиҳозлар сотиб олиш ресурслари тугайди, деди Оқ уй бошқарув ва бюджет бюроси директори Шаланда Янг Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсонга. Унинг сўзларига кўра, Америка қурол-яроғи ва жиҳозларини етказиб беришни тўхтатиш «нафақат Украина эришган муваффақиятларни хавф остига қўяди, балки Россия ҳарбийларининг ғалаба қозониш эҳтимолини ҳам оширади».


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё