АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси Украинага 800 миллион доллар миқдорида ёрдам кўрсатишни назарда тутувчи мудофаа бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. The Hill хабарига кўра, тегишли қарорни 310 конгрессмен қўллаб-қувватлаган, 118 нафари унга қарши чиққан (45 нафар демократ ва 73 нафар республикачи).
Ушбу мудофаа бюджети лойиҳаси имзолаш учун АҚШ президенти Жо Байденга юборилди. Пентагоннинг мудофаа эҳтиёжлари ва молиялаштириш дастурлари учун жами 886 миллиард доллар ажратилиши кутилмоқда.
АҚШ Миллий мудофаа бюджети тўғрисидаги қонун ҳар йили тасдиқланади ва Конгрессда кўриб чиқиладиган асосий қонун ҳужжатларидан биридир. Ушбу қонун самолётлар ва кемаларга ўнлаб миллиард доллар сарфланишини назарда тутади ва АҚШ ҳарбийлари маошини тарихий 5,2 фоизга оширади.
Бюджетда шунингдек, Хитойни Ҳинд-Тинч океани минтақасида «тийиб туриш» учун 11,5 миллиард доллар ва Украинани Россия босқинига қарши қўллаб-қувватлаш учун 800 миллион доллар ажратилиши ҳам кўзда тутилган.
11 декабр куни Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби АҚШ президенти маъмурияти Украинага 61 миллиард долларлик ёрдам кўрсатиш бўйича қўшимча сўровни Конгрессда тасдиқланишига эришиш ниятида эканини айтди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг