Россия президенти Владимир Путин тўғридан тўғри мулоқот билан бирлаштирилган матбуот анжумани чоғида Москва ва Вашингтон маҳбусларни алмашиш масаласига ечим топишига умид билдирди. Россия АҚШ таклифларини рад этмаяпти, бироқ бундай келишувлар ҳар икки томонга ҳам мос келиши керак, деди у 14 декабр, пайшанба куни The New York Times газетаси журналистининг Россияда қамоққа олинган америкаликлар Пол Уилан ва Эван Гершкович иши бўйича саволига жавоб берар экан.
«Биз америкалик ҳамкорларимиз билан бу борада алоқаларимиз бор. Бу борада мулоқот ҳам бор. Бу осон эмас, лекин умуман олганда, менимча, биз бир-биримизни тушунадиган тилда гаплашяпмиз. Умид қиламанки, биз ечим топамиз. Қайта такрор айтаманки, Америка томони бизни тинглаб, Россия томонига мос келадиган тегишли қарор қабул қилиши керак. Гуманитар масалалар, албатта, бу қарорларнинг асосини ташкил қилиши лозим», - деди Путин.
Бугун Россия президентининг марказий телеканаллар орқали жонли эфирдаги кўп соатлик нутқи Украинага уруши бошланганидан бери биринчиси бўлди. Бироқ, оммавий ахборот воситаларининг ушбу йирик тадбирга эътибори фақатгина Украинага қарши уруш билан боғлиқ эмас. 2024 йил март ойи ўрталарида Кремл эгаси бешинчи марта президентликка қайта сайланиш ниятида. Шу мақсадда Россия конституциясига махсус ўзгартиришлар киритилди, бу уга барча чекловларни четлаб ўтиш имконини берди.
Россияда Эван Гершкович ва Пол Уиланнинг ҳибсга олиниши
Американинг The Wall Street Journal (WSJ) нашри мухбири Эван Гершкович 2023 йил март ойида Екатеринбургда қўлга олинган ва жосусликда айбланган. Россия Федерал хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, журналист «Америка томонининг кўрсатмалари асосида Россия ҳарбий-саноат комплекси корхоналаридан бирининг фаолияти тўғрисида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаган».
Гершковичнинг ҳимояси журналист ўз айбини тан олмаслигини таъкидлади. Ҳибсга олинган америкалик мухбир Москвадаги Лефортово тергов изоляторида сақланмоқда. Ноябр ойи охирида Москванинг Лефортово суди Гершковични ҳибсга олиш муддатини 2024 йил 30 январгача узайтирди. 14 декабр куни Москва шаҳар суди бу қарорни ўз кучида қолдирди.
АҚШнинг собиқ денгиз пиёда аскари Пол Уилан 2018 йилнинг декабрида Москвада қўлга олинган эди. ФХХнинг таъкидлашича, уни ушлаш пайтида ёнидан махфий маълумотлар ёзилган флешка топилган. 2020 йилда АҚШ фуқароси жосусликда айбланиб 16 йилга қамалган эди. Уилан ҳам айбини тан олмади. У жазони Мордовиядаги 17-сонли қаттиқ тартибли колонияда ўтамоқда.
АҚШ Давлат департаменти Уилан ва Гершковичга Россияда «ноқонуний ушлаб турилганлар» мақомини берди, бу Вашингтонга уларни озод қилишнинг қўшимча механизмларидан фойдаланишга, шу жумладан алмашиш бўйича музокаралар олиб боришга имкон беради.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг